Қозоғистон энергетика ва коммунал инфратузилмани модернизация қилишга 13 триллион тенге сарфлайди

Қозоғистон энергетика ва коммунал инфратузилмани модернизация қилишга 13 триллион тенге сарфлайди

Қозоғистон 2029 йилгача энергетика ва коммунал инфратузилмасини кенг кўламли модернизация қилиш учун 13 триллион тенге сарфлайди. Бу ҳақда Ҳукумат йиғилишида Миллий иқтисодиёт вазири ўринбосари Асан Дарбаев маълум қилди. Лойиҳа беш йилга мўлжалланган. Жами, 80 минг километрдан зиёд тармоқлар янгиланади, 30 тага яқин энергетика объекти қурилади, генерация қувватлари ишга туширилади. Таъминот тизимларининг ишончлилиги ортади, энергия хавфсизлиги мустаҳкамланади, замонавий коммунал инфратузилма яратилади.


Асан Дарбаев, Қозоғистон Республикаси Миллий иқтисодиёт вазири ўринбосари:


- Миллий лойиҳага хусусий ва хорижий сармоя жалб этиляпти. Жорий йилда жалб этиладиган маблағларнинг 625 миллиард тенгеси тасдиқланди. Бу чоралар узоқ муддатли ва арзон молия ишлатиш имконини беради.


Жорий йилда мамлакатда Миллий лойиҳа доирасида 12 минг километр иссиқлик, сув ва электр таъминоти тармоқлари модернизация қилинади. Бунинг учун 1 триллион тенгедан зиёд маблағ ажратилди. 2029 йилгача давлат 77,5 минг километр электр ва 1,5 минг километрдан зиёд иссиқлик тармоқларини янгилаш ниятида. Йиғилиш якунида Бош вазир Ўлжас Бектенов Миллий лойиҳанинг ўз вақтида амалга оширилишини таъминлаш бўйича топшириқлар берди.


Ўлжас Бектенов, Қозоғистон Республикаси Бош вазири:

- Миллий лойиҳани рўёбга чиқариш – Давлат раҳбарининг шахсий назоратида! Тегишли меъёрий ҳужжатлар қабул қилинган, инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш механизмлари белгиланган. Ҳудудларда кенг кўламли таъмирлаш ишлари бошланди. Белгиланган кўрсаткичларга ўз вақтида эришиш учун биз инфратузилмани модернизация қилиш суръатларини сақлаб қолишимиз, янада оширишимиз керак.

Абдумалик Сарманов таржимаси.