Қосим-Жўмарт Тўқаев Уммон Султони билан музокара ўтказди

Қосим-Жўмарт Тўқаев Уммон Султони билан музокара ўтказди

Астанадаги Мустақиллик саройида Қозоғистонга давлат ташрифи билан келган Уммон Султонини расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтди. Президент Қосим-Жўмарт Тўқаев ва Ҳайсам бин Ториқ ал-Саид расмий делегациялар аъзоларини бир-бирига таништирди. Фахрий қоровул ротаси бошлиғи тантанали рапорт берди. Икки давлат мадҳияси ижро этилди.

Сўнг икки давлат етакчилари тор ва кенгайтирилган таркибда музокара ўтказди. Президент Қосим-Жўмарт Тўқаев Қозоғистон Уммонни араб дунёсидаги ишончли ҳамкор дея таъкидлади. Келгуси йилда мамлакатлар дипломатик муносабатларнинг 35 йиллигини нишонлайди.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

- Бу даврда биз кўп йиллик мустаҳкам дўстлик ришталари, ўзаро қўллаб-қувватлаш ва ҳамжиҳатликка асосланган шерикликнинг янги динамик босқичига ўтиш учун мустаҳкам пойдевор яратишга муваффақ бўлдик. Уммон Бош вазирининг иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари Зиёзин бин Хайсам ал-Саид бошчилигидаги юқори даражали делегациянинг яқинда Астанага самарали ташрифи ҳамкорлик кенгайиб бораётганининг ёрқин далили бўла олади.

Қозоғистон Президенти қатор қўшма лойиҳалар амалга оширилишини ижобий баҳолади. Улар орасида Дунга нефть конини ўзлаштириш, «Solidcore Resources» компаниясининг Павлодар ва Шимолий Қозоғистон вилоятларидаги лойиҳалари ҳам бор. Томонлар транспорт алоқаларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратди. Қозоғистон Осиё ва Европа ўртасидаги глобал савдо йўналишларида стратегик ўрин эгаллайди, Уммон эса Форс кўрфази, Ҳинд океани, Осиё ва Африканинг асосий бозорларига бевосита чиқишни таъминлайди.

Ҳайсам Бин Ториқ ал-Саид, Уммон Султони:

- Бу ўзаро бир-бирини тўлдирувчи афзалликлардан фойдаланиш ўсиш учун сезиларли имкониятлар очади ва ҳар икки мамлакат учун катта қийматга эга. Биз транспорт ва логистика соҳасидаги ҳамкорликни, Уммон портлари орқали савдо йўлагини ривожлантириш, шунингдек, мамлакатларимиз ўртасидаги ҳаво қатновини мустаҳкамлашни интиқлик билан кутмоқдамиз.

Музокаралар якунида Қосим-Жўмарт Тўқаев ва Ҳайсам бин Ториқ ал-Саид Қўшма баёнот қабул қилди. Шундан сўнг давлат раҳбарлари ҳузурида ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжатларни алмашиш маросими бўлди. Келишув ва меморандумларнинг салмоқли жамламаси энергетика, транспорт, логистика, қишлоқ хўжалиги, ахборот технологиялари ва рақамлаштириш, соғлиқни сақлашга оид.

Қозоғистон Президенти Уммон Султонини «Алтин Қиран» ордени билан тақдирлади. Ҳайсам бин Ториқ ал-Саид Қосим-Жўмарт Тўқаевни Султонликнинг олий давлат мукофоти - ал-Саид ордени билан тақдирлади.

Абдумалик Сарманов таржимаси.