Қозоғистонда миллий тозалик стандарти ишлаб чиқилади. Қосим-Жўмарт Тўқаев шундай таклиф билдирди. Давлат раҳбари «Taza Qazaqstan» республика экологик акциясида иштирок этди. Президент уни янги сифат босқичига олиб чиқиш зарурлигини таъкидлади. Бетакрор бу лойиҳа ижтимоий онг ва миллий ўзликни англашдаги ўзгаришларга ҳисса қўшади. «Taza Qazaqstan» юртдошларимизда янги қадриятларни шакллантиради. Чунки обод боғ ва ҳовлилар, шаҳарлар ҳавфсизлиги ва қулайлиги нафақат хорижда Қозоғистоннинг жозибадор қиёфасини яратади, балки фуқароларнинг ватанпарварлигини, ўз мамлакати билан фахрланишини ва фойдали бўлишга интилишини мустаҳкамлайди. «Турмуш сифатини яхшилаш борасидаги ишлар давом эттирилади», деди Президент.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
- Барча ҳудудларда ижтимоий аҳамиятга эга инфратузилма - мактаб, шифохоналар, маданият ва спорт масканлари барпо этилмоқда. Ўн минглаб километр автомобиль трассалари ва темирйўллар қурилди. Бу иш мунтазам давом этади. Қозоғистон улкан қурилиш майдонига, бунёдкорлик ҳудудига айланиши лозим. Энг юқори сифат даражаси таъминланиши зарур. Мен бу масалага жуда катта эътибор қаратаман ва уни доимо шахсий назоратимда тутаман.
Астана фаол ривожланяпти, ўзининг уйғун дизайн коди ва бетакрор меъморий услубини шакллантирмоқда. Есил дарёси бўйлаб жамоат жойларининг ягона тизими яратиляпти. Айни вақтда, шаҳар бўйлаб узлуксиз яшил йўналиш шакллантирилмоқда. Улар турли ҳудудлардаги парклар, сайилгоҳлар ва спорт ҳудудларини ўзаро боғлайди. Қосим-Жўмарт Тўқаев пойтахт Урбанизация марказининг иш тажрибасини бошқа минтақаларда ҳам жорий этиш бўйича топшириқ берди. Марказ шаҳар аҳолиси учун қулай муҳит яратиш мақсадида замонавий халқаро усулларни муваффақиятли жорий этмоқда.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
- Биз волонтёрликни энг юқори ҳуқуқий даражада - Конституцияда қонунлаштирган дунёдаги саноқли мамлакатлардан бирига айландик. Шунингдек, БМТда «Taza Qazaqstan» умуммиллий кампанияси асосида Халқаро сайёрани кўкаламзорлаштириш кунини таъсис этишни таклиф қилдим. Мазкур ташаббусни БМТ Бош Ассамблеясининг деярли барча аъзолари қўллаб-қувватлади. Қозоғистон тараққийпарвар кучлар билан бирга Ер юзидаги тинч ҳаёт учун масъулиятни намоён этмоқда. Бу - эзгу ишга имкониятига яраша ҳисса қўшаётганининг исботи.
Президент давлат зиммасидаги ижтимоий масъулиятга алоҳида урғу берди. Қосим-Жўмарт Тўқаев мамлакат бепул тиббиёт бўйича конституциявий мажбуриятларини тўлиқ бажараётганини таъкидлади. Аёллар уч йиллик оналик таътилида бўлганида, уларга имтиёз берилади, иш жойини сақлаб қолиш шарти билан таътилга чиқади. Шунингдек, 1-синфдан 4-синфгача бўлган барча ўқувчилар бепул тушлик билан таъминланган. Эшитишида ноқислик бўлган болаларга бепул эшитиш мосламалари берилади. Давлат раҳбари Ҳукуматга ускуналарни зудлик билан Қозоғистонда ишлаб чиқариш бўйича топшириқ берди.
Абдумалик Сарманов
таржимаси

