Қосим-Жўмарт Тўқаев Бишкекда «ШҲТ плюс» саммитида қатнашди

Қосим-Жўмарт Тўқаев Бишкекда «ШҲТ плюс» саммитида қатнашди

Бишкекда «ШҲТ плюс» форматидаги йиғилиш ўтказилди. Унда 10 та доимий аъзо давлат ҳамда кузатувчи давлатлар, мулоқот бўйича ҳамкорлар, шунингдек, халқаро ташкилотлар вакилларини жамлади. Саммит мавзуси: «БМТ адолатли дунё тартибининг асосий элементи сифатида: «ШҲТ плюс» давлатларининг кўп қутбли дунёни шакллантиришга қўшган ҳиссаси». Қозоғистон Президенти ўз нутқида Қирғизистоннинг Шанхай ҳамкорлик ташкилотига раислиги юқори самара бераётганини таъкидлади. Қосим-Жўмарт Тўқаев куч ва зиддиятлар ўрнини ўзаро масъулият, биргаликдаги тараққиёт ва узоқ муддатли ҳамкорлик эгаллайдиган дунё тартибини шакллантиришдан иборат умумий стратегик вазифани алоҳида таъкидлаб ўтди.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

- ШҲТнинг кўп йиллик тажрибаси «Шанхай руҳи» халқаро майдонда бундай ҳамкорликнинг намунаси эканлигини яққол тасдиқлайди. Ташкилот фаолиятидаги тенг ҳуқуқлилик ва консенсус тамойиллари ҳақли равишда кўп томонлама ҳамкорлик ва муваффақиятли ривожлантиришнинг «олтин стандарти»га айланди. Шу боис ШҲТнинг асосий тамойилларини БМТ Бош Ассамблеясининг Халқаро тинчлик йўлидаги кўп томонламалик ва дипломатия кунига бағишланган махсус резолюциясида мустаҳкамлашни таклиф этаман.

Қосим-Жўмарт Тўқаев Қозоғистон доимо мувозанатли, конструктив ва тинчликсевар ташқи сиёсат йўлидан боришини таъкидлади. Президент БМТ фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича фикрларини билдирди, унинг муқобили йўқлигини таъкидлади.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

- Бизнинг умумий вазифамиз — ташкилотни мустаҳкамлаш ва самарадорлигини ошириш. БМТнинг минтақавий тузилмалар, шу жумладан, ШҲТ билан яқин ҳамкорлиги ушбу мақсадга хизмат қилади. Қозоғистон Бирлашган Миллатлар Ташкилоти халқаро тизимнинг ўзаги, унинг Низоми эса халқаро ҳуқуқнинг универсал пойдевори бўлиб қолиши керак, деб ҳисоблайди.

Қосим-Жўмарт Тўқаевга кўра, БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш ташаббуси билан бошланган ислоҳот ташкилотнинг универсал хусусиятини сақлаб қолган ҳолда, самарасини янада ошириши керак. Лекин ислоҳотларнинг муваффақияти аъзо давлатлар сиёсий иродаси ва масъулиятига боғлиқ. Шу билан бирга, Президент ўрта кучларнинг роли ортиб бораётганини алоҳида таъкидлади. Уларнинг турли марказлар ўртасидаги мулоқотга кўмаклашиши зарур. Бу давлатларнинг ташаббуслари эса глобал механизмларда ҳисобга олиниши керак. Қозоғистон ушбу жараёнга фаол кўмаклашишга тайёр.

Абдумалик Сарманов таржимаси