Нью-Йоркда қозоқ диаспораси вакиллари Республика кунини нишонлади

Нью-Йоркда қозоқ диаспораси вакиллари Республика кунини нишонлади

Нью-Йоркда қозоқ диаспораси вакиллари Республика кунини нишонлади. Миллий байрам арафасида Қозоғистоннинг БМТдаги доимий ваколатхонаси дипломатик корпус учун қабул маросими ташкил этди. Элчи Қайрат Умаров 35 йиллик мустақиллик давридаги ютуқлар ҳақида гапирди. У Қозоғистон тинчликни мустаҳкамлаш ҳамда кўп томонлама дипломатияни ривожлантириш тарафдори эканини таъкидлади. Шунингдек, дипломат халқаро ҳамкорлар ва дўстлар билан муносабатлар муҳимлигини таъкидлади. Байрам шарафига ҳар йили ўтказиладиган яна бир тадбир — Нью-Йоркда Қозоғистон давлат байроғини кўтариш маросими. Унда АҚШ Давлат департаменти ходимлари, хорижий дипломатлар ҳамда қозоқ диаспораси вакиллари иштирок этди.

Марк МакГоверн, АҚШ Давлат департаментининг Нью-Йоркдаги минтақавий бўлим директори:

– Биз Қозоғистон, шу жумладан, Қўшма Штатларда ва хусусан Нью-Йоркдаги қозоқ диаспораси туфайли, жаҳондаги таъсирини қандай кенгайтираётганини ҳамда иқтисодий мавқеини мустаҳкамлаётганини кўриб турибмиз. Умумий қадриятлар ва қўшма режалар  катта имкониятлар очади. Сиз билан бирга байрамни нишонлаётганимдан хурсандман.

Ренат Бектуров, «Астана» халқаро молия маркази бошқарувчиси:

– Бу кун мустақил Қозоғистон тарихида муҳим босқич бўлди. 1990 йилда Давлат суверенитети тўғрисидаги декларация қабул қилинди. Ўшандан бери мамлакатимиз катта йўлни босиб ўтди, барқарор ривожланяпти. Қозоғистон юксалишда давом этади. Юртимиз гуллаб-яшнасин, мовий байроқ юксакликда мағрур ҳилпираб турсин!

Байрам иштирокчилари анъанавий қозоқ қўшиқлари, миллий ширинликлар ҳамда машҳур «Апорт» олмаларидан баҳраманд бўлди. Давлат байроғини кўтариш маросими Қозоғистон давлат мадҳияси ижроси билан давом этди. Кейинги ҳафтада эса байрам дастурини бастакор Шамши Қалдаяков ижодига бағишланган концерт давом эттиради.

 

Абдумалик Сарманов таржимаси