Қозоғистон инсон капитали, сунъий идрок ва технологик
модернизациянинг аҳамияти юксак бўлган ривожланишнинг янги босқичига чиқмоқда. Тараққиётнинг янги векторлари ҳақида бугун Қозоғистон стратегик
тадқиқотлар институти томонидан ташкил этилган «National Think Tank Forum»
иштирокчилари сўз юритди. БМТ Тараққиёт дастурининг Қозоғистондаги доимий вакили
Катаржина Вавьерниага кўра, мамлакат рақамли пойдеворини мустаҳкамлади ва халқаро рейтинглардаги ўрнини яхшилади. Шу жумладан, БМТнинг Электрон ҳукуматни ривожлантириш
индексида республика 24-ўринга кўтарилиб, илғор 25ликка
кирди. Рақамли инфратузилма кенгаймоқда, электрон давлат хизматлари сони, юксак технологияли ишлаб чиқаришлар улуши
ортиб боряпти.
Катаржина Вавьерниа, БМТ Тараққиёт дастурининг Қозоғистондаги
доимий вакили:
— Қозоғистон аллақачон мустаҳкам рақамли инфратузилмани
яратди. Навбатдаги вазифа — уни янада самарали давлат бошқарувига жорий этиш ва
фуқароларнинг иштирокини кенгайтириш. Шу билан бирга, инсон капитали — фақат
ижтимоий омил эмас, балки мамлакат иқтисодиётига киритилган энг муҳим
инвестициядир. Энди асосий урғу сифатга ўтмоқда. Бу айниқса таълимда яққол
кўзга ташланади. Фақат имконият яратиш эмас, балки билим ва кўникмалар иқтисод эҳтиёжларига
жавоб берадиган мутахассислар тайёрлаш муҳим.
БМТ Тараққиёт дастурининг Қозоғистондаги доимий вакили
Курултойга сайловлар мамлакатдаги кенг кўламли ислоҳотлар ва изчил
модернизациянинг бир қисми эканини таъкидлади. Катаржина Вавьернианинг
сўзларига кўра, ушбу ўзгаришлар мамлакатни янада ривожлантириш ва давлат
институтларини мустаҳкамлашга қаратилган. Қозоғистон стратегик тадқиқотлар институти
директори Жандос Шаймарданов Қозоғистон барча соҳаларда барқарор
ривожланаётганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, эндиликда мамлакат олдига
янги вазифаларни қўйиш ва янги кун тартибини шакллантириш зарур, шу сабабли
яқин беш, ўн йил ва ундан узоқ муддатли даврга мўлжалланган стратегик устувор
йўналишларни белгилаб олиш муҳим.
Жандўс Шаймарданов, Қозоғистон Республикаси
Президенти қошидаги Қозоғистон
стратегик тадқиқотлар институти директори:
— Барчамизга аён, мамлакат ривожланишнинг янги
тарихий босқичига қадам қўйди. Янги Конституциянинг қабул қилиниши ва янги сиёсий
институтлар фаолиятининг бошланиши билан биз янги даврга кирамиз. Олдимизда
янги вазифалар турибди. Мамлакат ичида ҳам, ташқи муҳитда ҳам конъюнктура
ўзгараётганини кўряпмиз. Сунъий интеллектнинг фаол ривожланиши. Биласиз, бу
ҳозир Қозоғистон кун тартибидаги биринчи масала. Бу йил рақамлаштириш йили деб эълон қилинди. Лекин бу бир йиллик иш эмас. Кейинги йилларда ҳам
давом этади ва ривожланади.
Абдумалик Сарманов таржимаси

