Маслиҳат депутатлигига сайлов: Қозоғистонда сайловолди ташвиқот ишлари бошланди

Маслиҳат депутатлигига сайлов: Қозоғистонда сайловолди ташвиқот ишлари бошланди

29 ноябрь куни бўлиб ўтадиган Қозоғистон маслиҳатлари депутатларининг навбатдан ташқари сайловига 10 минг 971 нафар номзод рўйхатга олинди. Улардан 1 минг 219 нафари партиялардан, 9 минг 752 нафари бир мандатли сайлов округлари бўйича ҳужжат расмийлаштирган. Аёллар ва ёшларнинг улуши партия рўйхатларида 43 фоиздан зиёд. Марказий сайлов комиссиясининг иккинчи йиғилишида маълум қилинишича, еттита сиёсий партиянинг сайлов бюллетенларидаги ўрни қуръа ташлаш йўли билан белгиланди. Сайловолди ташвиқоти давом этмоқда. У 1 ноябрь куни бошланди ва 27 ноябрдан 28 ноябрга ўтар кечаси, тун ярмида якунланади. 28 ноябрь - сукунат куни.

Лаззат Суйиндик, Қозоғистон Республикаси Марказий Сайлов комиссияси аъзоси:

- Эслатаман, сайлов куни ва ундан аввалги кунда ҳар қандай сайловолди ташвиқоти тақиқланади. Илгари осиб қўйилган босма ташвиқот материаллари жойида қолиши мумкин. Интернет тармоғига жойлаштирилган тарғибот материаллари ҳам қолаверади. Лекин уларни бош саҳифаларга чиқариш мумкин эмас. Жамоатчилик фикри сўровлар натижаларини, сайлов натижалари прогнозларини, сайлов билан боғлиқ бошқа тадқиқотларни, шунингдек сиёсий партияларни қўллаб-қувватлаб овоз бериш натижаларини овоз бериш кунига қадар беш кун ичида ва овоз бериш куни оммавий ахборот воситаларида ҳамда онлайн платформаларда эълон қилишга йўл қўйилмайди.

МСК мажлисида сайлов бюллетенлари намойиш этилди. Улар турли рангда, ҳар бирида "Ҳаммага қарши" овоз бериш имкони назарда тутилган. Қулайлик яратиш мақсадида МСК иккита рақамли хизматни жорий этди. Биринчиси фуқаронинг доимий рўйхатга олинганлигини текшириш ва уни сайловчилар рўйхатига киритиш имконини беради. Хизмат беш мингдан ортиқ участкаларда мавжуд. Иккинчиси доимий рўйхатдан ўтмаган қозоғистонликлар овоз бериш куни учун муваққат ҳужжат расмийлаштириши учун мўлжалланган. Иккала хизмат ҳам Сунъий интеллект ва рақамли ривожланиш ҳамда Ички ишлар вазирликлари билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган. Улар кўпроқ фуқаролар овоз бериш ҳуқуқидан фойдаланиши учун хизмат қилади.

Абдумалик Сарманов таржимаси.