Душанбе шаҳрида минтақада тинчлик, хавфсизлик ва фаровонликни мустаҳкамлашга бағишланган Марказий Осиё давлатларининг IV Парламентлараро форуми бўлиб ўтди. Асосий мавзулардан бири - рақамли ҳамкорликни ривожлантириш. Қозоғистон делегациясига Қурултой раиси бошчилик қилди. Айбек Дадебай Қозоғистондаги сиёсий ҳамда ижтимоий-иқтисодий ўзгаришлар, Президент Мактубида белгиланган устувор йўналишлар ҳақида гапирди. У "Kazakhstan Physical AI Data Factory" концепцияси асосида "Саноатлаштириш 4.0" соҳасида минтақавий лойиҳаларни амалга ошириш ташаббуси билан чиқди. Бу саноат маълумотларини тўплаш ва янги технологик ечимлар борасидаги саъй-ҳаракатларини бирлаштириш имконини беради. Иштирокчилар иқлим хавфсизлиги, савдо, транспорт ҳамда электрон тижорат масалаларини ҳам муҳокама қилди. Қозоғистон экспертлар ва Оролни қутқариш халқаро жамғармаси вакиллари иштирокида сув масалалари бўйича мунтазам парламентлараро мулоқот ўтказишни қўллаб-қувватлади. Форумда ҳамкорлик йўналишларини белгилаб берувчи Душанбе декларацияси қабул қилинди.
Айбек Дадебай, Қозоғистон Республикаси Қурултойи раиси:
- Бугун биз сув ва экологик хавфсизлик, иқтисодий интеграцияни чуқурлаштириш масалаларини муҳокама қилмоқдамиз. Албатта, буларнинг барчаси Марказий Осиё минтақасининг барқарор ривожланиши учун муҳим. Ишончим комилки, замонавий таҳдидларга фақат парламентларимизнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш, қонунчилик ишларини мувофиқлаштириш ва келишилган ёндашувлар ишлаб чиқиш орқали биргаликда жавоб беришимиз керак. Парламент дипломатияси натижага йўналтирилган бўлиши зарур.
Абдумалик Сарманов таржимаси.

