Марказий Осиё мақсади - ягона рақамли майдонни шакллантириш. Қозоғистон, Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон ҳамда Туркманистон бизнес ва эксперт доираси вакиллари электрон имзо ва ҳужжатларни ўзаро тан олиш, трансчегаравий тўловларни соддалаштириш, рақамли идентификацияни ривожлантириш бўйича шартнома лойиҳасини тайёрлади. Шунингдек, шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш, киберхавфсизлик ва сунъий идрокни тартибга солиш бўйича ёндашувларни бирлаштириш таклиф этилди. Айни вақтда, тартибга солувчи умумий орган кўзда тутилмаган. Ҳар бир давлат ўз қонунчилигини, рақамли суверенитетини сақлаб қолади. Марказий Осиё молия технологиялари ҳамжамияти раиси Отабек Носиров айтишича, лойиҳа тегишли мамлакатлар ҳукуматларига топширилади.
Отабек Носиров, Марказий Осиё молия технологиялари ҳамжамияти раиси:
- Биз давлатлар устидан қарайдиган қандайдир орган ёки бешта давлат учун ягона қонунчилик яратишни таклиф қилмаяпмиз. Бунинг имкони йўқ. Қолаверса, ҳар бир давлатнинг ўз миллий манфаати, давлат хавфсизлиги масалалари бор. Шунинг учун беш давлатдаги ҳуқуқий тизимни ҳурмат қилган ҳолда, ўзаро мувофиқлаштириш механизмини таклиф қиламиз. Шунингдек, биздаги таклиф бешта давлат қонунчилигидаги ўзгаришларни сезиларли харажатларсиз амалга ошириш имконини беради.
Экспертлар таъкидлашича, Марказий Осиёда ягона рақамли макон шаклланиши янада кўпроқ технологик лойиҳа ва инвестиция жалб қилишга замин ҳозирлайди. Зеро, бу хорижий бизнес учун 80 миллиондан зиёд аҳоли мавжуд бўлган йирик бозорга чиқишига ёрдам беради. Таҳлилчилар фикрича, уч-тўрт йил ичида бундай маконни яратишда сезиларли ютуқларга эришиш кутилмоқда.
Абдумалик Сарманов
таржимаси

