Корея Республикаси Қозоғистоннинг йирик инвестициявий ҳамкори

Корея Республикаси Қозоғистоннинг йирик инвестициявий ҳамкори

Корея Қозоғистоннинг энг йирик савдо ва сармоявий ҳамкорларидан бири. Сўнгги 30 йил ичида Астана ва Сеулни ўзаро ҳурмат, ишонч ва самимий дўстликка асосланган мустаҳкам муносабатлар боғлаб турибди. Бу ҳақда Қосим-Жўмарт Тўқаев Қозоғистон-Корея давра суҳбати очилишида айтиб ўтди. Кореядан Қозоғистонга киритилган бевосита сармоя ҳажми 12 миллиард доллардан ошди. Корея капитали иштирокида очилган мингдан зиёд компания фаолият юритмоқда. Ўтган йили ўзаро маҳсулот айланмаси ҳажми 3 миллиард доллардан ошган. Бу кўрсаткич икки марта ортиши мумкин. Президентимиз Қозоғистон-Корея муносабатларини чуқурлаштиришнинг устувор йўналишларини кўрсатиб ўтди. Уларнинг катта қисмини саноат соҳасидаги ҳамкорлик алоқалари ташкил этади.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

- Бугунги кунда қўшма портфелимиз автомобилсозлик, машинасозлик, металлургия ва бошқа соҳалардаги умумий қиймати 4 миллиард доллардан зиёд бўлган 51 та лойиҳани ўз ичига олади. Корея компанияларининг тажрибаси Қозоғистон рақобатбардош ва ишончли ишлаб чиқариш майдони эканлигини исботлади. Кенг Евроосиё бозорига хизмат кўрсатишга йўналтирилган, маҳаллий компонентлар, илғор материаллар, электр ускуналари ва электроникани ўз ичига олган, интеграциялашган саноат экотизимини яратиш - мақсадимиз.

Қозоғистоннинг минерал-хомашё салоҳиятини ўзлаштиришда Корея инвестициялари ва технологик тажрибаси талаб этилади. Бу - дунёда технологиялар пойгаси бошланган, мамлакатимизда эса саноатнинг янги соҳаларида зарур муҳим минералларнинг катта захиралари мавжуд бўлган ҳозирги пайтда долзарб масала. Қурилиш ва шаҳарсозликдаги ҳамкорлик ҳам ўзаро манфаатли. Қосим-Жўмарт Тўқаев Қозоғистон янги инфратузилмавий тараққиёт босқичига кирганини таъкидлади.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

- Биз мамлакат бўйлаб қурилиш суръатларини жадаллаштириш ниятидамиз. Транспорт ва коммунал тизимлардан тортиб, уй-жой қурилиши ва ижтимоий инфратузилмага қадар шунга киради. Ушбу йўналишни Президент сифатидаги фаолиятимнинг устуворликлардан бири, деб биламан. Касалхоналар, болалар реабилитация марказлари, кўп тармоқли тиббиёт марказлари, замонавий мактаблар, спорт иншоотлари ва транспорт инфратузилмаси каби ижтимоий объектларга эътибор қаратганмиз. Қозоғистонни йирик қурилиш майдонига айлантирамиз.

Президент фикрича, икки давлат ҳамкорлигида энергетика муҳим ўрин тутади. Хусусан, «Hyundai Engineering» компанияси Қарачағанақ газни қайта ишлаш заводи қурилишида иштирок этмоқда. Транспорт-логистика соҳасида ҳам имкониятлар кўп. Қосим-Жўмарт Тўқаев логистика лойиҳалари учун қўшма корхона ташкил этишни таклиф қилди. Келажакдаги Алатау шаҳри  ўзаро манфаатли алоқалар учун муштарак нуқталар тақдим этиши мумкин. Агросаноат имкониятларидан фойдаланиш зарур. Қозоғистон Кореяга озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб беришни кўпайтириши, шунингдек, технологияларни бирлаштириб, Корея тадбиркорларига қиймат занжирларига қўшилишни таклиф қилиши мумкин. Давлат раҳбари инвесторлар Қозоғистон ҳукумати даражасида қўллаб-қувватланишини алоҳида таъкидлади.

Абдумалик Сарманов таржимаси.