Кенг кўламли ислоҳотлар Қозоғистон ривожланишига янги туртки беради

Кенг кўламли ислоҳотлар Қозоғистон ривожланишига янги туртки беради

Бугунги Қурултой сайловлари Президент Қосим-Жўмарт Тўқаев ташаббуси билан бошланган кенг кўламли ислоҳотлар натижаси. 2019 йилдан бошлаб Қозоғистонда босқичма-босқич бир нечта сиёсий ислоҳотлар амалга оширилди. 2022 йилгача бўлган 3 йилда давлат бошқаруви тизими ва қонунчиликни кўриб чиқилди. "Тингловчи давлат" концепцияси ислоҳотларнинг муҳим қисмига айланди. Қозоғистонликлар муҳим қарорлар қабул қилиш жараёнида фаол иштирок эта бошладилар. Ўзгаришлар парламент ва сайлов тизимига ҳам таъсир кўрсатди. Сиёсий партияларни рўйхатдан ўтказиш осонлашди - уларнинг Мажилисга кириши учун зарур овоз улуши 7 фоиздан 5 фоизга туширилди. Партия рўйхатларида аёллар ва ёшлар учун мажбурий 30 фоизли квота жорий этилди. Бундан ташқари, бюллетенларда "Ҳаммага қарши" устуни пайдо бўлди. Шу тариқа, 2023 йил март ойида бўлиб ўтган парламент сайловларида олтита партия иштирок этди. Улардан учтаси биринчи марта депутатлик мандатини қўлга киритди.

Жандўс Шаймарданов, Қозоғистон Республикаси Президенти қошидаги Қозоғистон стратегик тадқиқотлар институти директори:

- Қозоғистон янги даврга қадам қўйди. Бу - сиёсий янгиланиш даври. У шу йилдан, ҳатто 2025 йилдан эмас, балки Президент Қосим-Жўмарт Тўқаев сиёсий-иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотлар мажмуасини эълон қилган 2019 йилдан бошланди. Бу жараён тизимли ва кенг кўламда амалга оширилаяпти.

2019-2022 йиллардаги ислоҳотлар фуқароларнинг давлат бошқарувида қатнашиш имкониятини кенгайтирди. 2021 йилда қишлоқ ва туман аҳамиятидаги шаҳар ҳокимларининг биринчи  сайлови бўлиб ўтди. Парламент ва маҳаллий маслаҳатлар ваколати оширилди. Ҳуқуқий ислоҳотлар бошланди. Қозоғистон Бола ҳуқуқлари тўғрисида ва Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро пактларнинг протоколларини ратификация қилди. Мустақилликнинг 30 йиллик тарихий даври йирик институционал ўзгаришлар билан якунланди.

Алберто Тюркстра, сиёсатшунос, Diplomatic World Institute лойиҳалар раҳбари:

- Қозоғистон тараққиёти ҳақида шундай дейман: мамлакатда миллий ва давлат қурилиши даврининг биринчи йирик босқичи — уч ўн йиллик муваффақиятли якунланди. Мустақилликка эришилди, ҳудудий яхлитлик таъминланди, институтлар барпо этилди. Мамлакат халқаро ҳамжамиятда нуфузли ўрта давлат сифатида ўз ўрнини эгаллади.

Абдумалик Сарманов таржимаси.