Қозоғистонда Пржевальский отларининг илк насли дунёга келди

Қозоғистонда Пржевальский отларининг илк насли дунёга келди

Қозоғистонга келтирилган Пржевальский отлари биринчи марта қулунлади. Бўтай ва Тўмар шу йилнинг ёзида «Алтин дала» қўриқхонаси ҳудудидаги «Алиби» ёввойи туёқлиларни реинтродукция қилиш марказида дунёга келди. Бу - 2024 йилда Берлин «Тирпарк»идан Қозоғистонга келтирилган байталларнинг биринчи авлоди. Уларнинг исмлари бежиз танланмади. Бўтай одам ва от ўртасидаги муносабатлар тарихи билан боғлиқ археологик маданиятга ишора қилади. Тўмар эса турли балолардан асровчи анъанавий тақинчоқ. Тойчоқлар бир ойлик бўлди. Экология ва табиий захиралар вазирлиги берган маълумотга кўра, бу воқеа «Ёввойи отларни қайтариш» лойиҳасининг янги босқичи дебочасига айланди. Қозоғистон чўлларида Пржевальский отларининг янги популяциясини шакллантиришга ёрдам беради.

Серикбўлсин Қулжанов, «Алтин дала» давлат табиат қўриқхонаси директорининг илмий ишлар бўйича ўринбосари

- Ҳозир қулунлар оналарининг ёнида юрибди. Улар меъёрида ривожланяпти, уюрда жойини топди. Ёш жонивор учун бу табиий жараён. Пржевальский отларининг ўзига хос хусусиятлари бор. Яъни бошқалардан фарқли ўлароқ, ёли калта, тик туради, шу билан бирга ноёб тана тузилишини кўрсатиш мумкин. Уларнинг хулқ-атвори ёввойи табиатда яшаши туфайли хонаки отлардан ажралиб туради.

Абдумалик Сарманов таржимаси.