ЕИ Қозоғистон минтақаларини ривожлантиришга 5 миллион доллар ажратди

ЕИ Қозоғистон минтақаларини ривожлантиришга 5 миллион доллар ажратди

Қозоғистонда Ҳукумат, БМТ Тараққиёт дастури ва Европа Иттифоқининг қўшма ташаббуси — маҳаллий ўзини ўзи бошқариш ислоҳотини қўллаб-қувватлаш бўйича янги уч йиллик лойиҳа ишга туширилди. Уни рўёбга чиқариш учун Европа Иттифоқи 5 миллион долларга яқин маблағ ажратди. Астанада лойиҳани бошқарувчи қўмитанинг биринчи йиғилиши  иштирокчиларига кўра, дастур шаффофликни ошириш орқали ҳокимликлар ва масъуллар фаолияти самарадорлигини, давлат хизматлари сифатини оширишга хизмат қилади. Лойиҳа қарорлар қабул қилишда аҳолининг иштирокини кенгайтиришга хизмат қилади. Рақамли воситаларни жорий этиш, Европа давлатлари билан тажриба алмашиш, илғор халқаро тажрибаларни жорий этишга эътибор қаратилади. БМТ Тараққиёт дастурининг Қозоғистондаги доимий вакили Катаржина Вавьерниага кўра, ташаббус янги ёндашувларни синаб кўриш имконини беради.

Катаржина Вавьерниа, МТ Тараққиёт дастурининг Қозоғистондаги доимий вакили:

- БМТ кўплаб мамлакатларда маҳаллий ривожланиш лойиҳаларини амалга ошириб, энг кам ривожланган давлатларни қўллаб-қувватлаяпти. Қозоғистон эса ўртача даромад даражасидан юқори бўлган мамлакат, ривожланиш бўйича ҳам кўплаб мамлакатлардан анча олдинда. Маҳаллий ривожланиш асосий омил, бу жуда муҳим нарса. Кўплаб давлатлар кучли маҳаллий институтлар туфайли муваффақиятга эришди. Шунинг учун бу ҳамкорлик ривожланишга муҳим ҳисса қўшади, деб ўйлайман.

Абдумалик Сарманов таржимаси.