БРИКС саммити доирасида Қосим-Жўмарт Тўқаев хорижий давлатлар делегациялари раҳбарлари, шунингдек, халқаро ташкилотлар вакиллари билан учрашув ўтказди. Қозоғистон Президенти Абу-Даби валиаҳд шаҳзодаси Шайх Холид бин Муҳаммад бин Зоид ал-Наҳаййон билан энергетика, транспорт-логистика, ахборот технологиялари ва қишлоқ хўжалигидаги йирик инвестиция лойиҳаларини муҳокама қилди. Натижада, савдо ҳажми ошиши кутилмоқда. Давлат раҳбари БАА Президенти Шайх Муҳаммад бин Зоид ал-Наҳаййонга эзгу тилакларини билдирди, унинг Қозоғистонга ташрифини кутаётганини таъкидлади.
Қосим-Жўмарт Тўқаев АҚШ Президентининг махсус вакили Сержио Гор билан кенгайтирилган Қозоғистон-АҚШ стратегик шериклигини жадал ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди. Учрашувда сунъий идрок ва рақамлаштиришга эътибор қаратиш, бўлажак ишлар йўналиши кўриб чиқилди. Сержио Гор Астана ва Вашингтон ўртасидаги муносабатлар мисли кўрилмаган даражада юқори эканлигини таъкидлади. Унинг фикрича, давлат раҳбарларининг яқин алоқалари ҳамкорликка янги суръат бағишлади.
Президент Қосим-Жўмарт Тўқаев ва Эфиопия Бош вазири Абий Аҳмад савдо ва бизнес учун янги имкониятларни муҳокама қилди. Хусусан, Қозоғистонда Эфиопия чойи, қаҳваси ва гулларини етказиб берувчи марказ яратиш ҳақида сўз борди. Эфиопия мамлакатимизда элчихона очиш имкониятини кўриб чиқмоқда. Президент Абий Аҳмадга расмий ташриф буюриш таклифини берди.
Яна бир учрашувда давлат раҳбари Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Модини БРИКС саммити муваффақиятли ўтказилгани билан табриклади. Томонлар энергетика, рақамлаштириш, таълим ва туризм соҳаларида ҳамкорликни фаоллаштириш ҳақида келишиб олди. Томонлар «Astana Hub» ва Ҳайдарободнинг «Cyberabad» экотизими ўртасидаги ҳамкорликни муҳокама қилди. Қосим-Жўмарт Тўқаев Ҳиндистон Бош вазирини Қозоғистонга давлат ташрифи билан боришга чақирди.
Давлат раҳбари жаҳон етакчилари ва глобал тузилмалар раҳбарлари, шу жумладан, Россия, Бурунди Президентлари, Малайзия, Вьетнам Бош вазирлари, БМТ Бош котиби, БССТ ва ЖСТ Бош директорлари билан ҳам қисқа учрашувлар ўтказди.
Абдумалик Сарманов
таржимаси

