Қозоғистон илк бор давлат активларини бошқариш компанияларининг Х юбилей саммити ва халқаро форумига мезбонлик қилмоқда. Астанага 19 мамлакатдан идоралар, марказий банклар, халқаро молия институтлари, инвестиция компаниялари вакиллари ва соҳа мутахассислари ташриф буюрди. Иштирокчилар фикрича, жаҳон молия сектори жиддий ўзгаришлар даврига кирди. Қарз олиш қимматлашди, хомашё бозорлари беқарор, глобал таъминот занжирлари қайта қурилаётгани молиявий тизимларнинг барқарорлигини таъминлаш учун янги ёндашувларни талаб қилмоқда. Натижада, турли эҳтимолларни эрта аниқлаш механизмлари: янги рақамли майдончалар ва сунъий интеллект технологиялари олд планга чиқади. Бош вазир ўринбосари - миллий иқтисодиёт вазири Серик Жуманғаринга кўра, Қозоғистон IPAF молиявий хавфсизликни мустаҳкамлаш ва халқаро ҳамкорликни кенгайтириш учун асосий майдончалардан бири, деб ҳисоблайди.
Серик Жуманғарин, Қозоғистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Миллий иқтисодиёт вазири:
- Астанада ушбу саммитни ўтказарканмиз, ягона стандартларни ишлаб чиқиш, инвестицияларни жалб қилиш, Осиё-Тинч океани давлатларининг молиявий барқарорлигини мустаҳкамлаш бўйича саъй-ҳаракатларимизни бирлаштиришга интиламиз. Бевосита мулоқот, узоқ муддатли шериклик ва энг илғор глобал стандартларни бирга шакллантиришга тайёрмиз.
Абдумалик Сарманов таржимаси.

