Астанада рақамли муҳитда болаларни муҳофаза қилиш масаласи муҳокама қилинди

Астанада рақамли муҳитда болаларни муҳофаза қилиш масаласи муҳокама қилинди

Рақамли муҳитда болалар хавфсизлиги, сунъий интеллектнинг уларга таъсири, вояга етмаганларни янги технологик таҳдидлардан ҳимоя қилиш зарурати. Бу масалалар Астанада бўлиб ўтган Марказий Осиё давлатлари болалар ҳуқуқлари бўйича ваколатли вакиллари халқаро форумининг асосий мавзуси бўлди. Унда Хитой, Япония ҳамда Финляндия вакиллари ҳам иштирок этди. Тадбир ЮНИСЕФ кўмагида бўлиб ўтди. Иштирокчилар Қозоғистоннинг болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, Давлат раҳбари ташаббуси билан амалга оширилаётган қонунчилик ва институционал ислоҳотларни амалга ошириш борасидаги тажрибаси билан танишди. Мамлакатда “Миллий жамғарма – болаларга” дастури бўйича жамғарма инвестициявий даромадининг ярми 18 ёшгача бўлган болаларга тақсимланади. Анжуманда тегишли қонунчиликни такомиллаштириш мақсадида ЮНИСЕФ билан ҳамкорлик бўйича парламент гуруҳи тузилди. Марказий Осиё давлатларининг болалар омбудсманлари вояга етмаганлар ҳуқуқларини янада самарали ҳимоя қилиш мақсадида тажриба алмашиш билан бирга рақамли хавфсизлик ҳамда инклюзивлик бўйича қўшма тавсиялар ишлаб чиқиш ниятида.

Нажат Маалла Маъжид, БМТ Бош котибининг Болаларга нисбатан зўравонлик масалалари бўйича махсус вакили:

- Рақамли дунё хавф-хатарларга ҳам, имкониятларга ҳам тўла. Бугун биз аввал турли маҳсулотлар ва материалларни ишлаб чиқарамиз, кейин эса болаларни қандай ҳимоя қилиш ҳақида ўйлашни бошлаймиз. Нафақат ижтимоий тармоқлар, балки барча сунъий идрок тизимларида, ўйин платформаларида болаларни ҳимоя қилиш ҳамда ишлаб чиқиш босқичида уларнинг маълумотлари махфийлигини таъминлаш мажбурий талаб бўлишини йўлга қўйишимиз керак.

Динара Закиева, Қозоғистон Республикаси Бола ҳуқуқлари бўйича ваколатли вакили, Қурултой раиси ўринбосари:

- Вояга етмаганлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кучайтириш доирасида 11 та қонун қабул қилинди, институционал тизим шаклланди, 158 чора-тадбирларни назарда тутувчи «Қозоғистон болалари» дастури тасдиқланди. Қурултойда учта янги қонун лойиҳасини тайёрладик. Улар алоҳида эҳтиёжи бўлган болаларни қўллаб-қувватлаш, рақамли ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш, болалар учун хавфсиз инфратузилмани ривожлантиришга қаратилган.

Абдумалик Сарманов таржимаси