Астанада Қозоғистон - Хитой сунъий интеллект мактаби ташкил этилади

Астанада Қозоғистон - Хитой сунъий интеллект мактаби ташкил этилади

Қозоғистонда сунъий интеллект мактаб таълимининг бир қисмига айланмоқда. Май ойида Президент Қосим-Жўмарт Тўқаев махсус Фармон имзолади, Ҳукумат эса 2029 йилгача мўлжалланган сунъий интеллектни жорий этишнинг мажмуавий режасини тасдиқлади. У ўқитувчиларни тайёрлаш, рақамли инфратузилмани ривожлантириш, нейрон тармоқларидан бехавотир фойдаланиш қоидаларини ишлаб чиқишни кўзда тутади. 1 сентябрдан пилот лойиҳа Павлодар ва Қизил Ўрда вилоятларининг ўнта мактабида ишга туширилди. Маҳаллий компаниялар ҳам сунъий интеллект таълимини ривожлантиришда қатнашяпти. Қозоғистоннинг SHAI стартапи технологик ечимларини яратади, талабалар ва ўқитувчиларга уларни амалда қўллашни ўргатади. Келажакда компания ўқувчилар учун ҳам лойиҳалар жорий этиш ниятида. Компания вакилларига кўра, таълимнинг дастлабки йилларидан болаларни сунъий интеллект имкониятлари билан  таништириш - давр талаби.

Айбар Усен, SHAI.PRO стартапи тижорат директори:

- Бир неча йил аввал давлат биринчи синфдан информатика дарсларини жорий этди. Ишончим комилки, сунъий интеллект сабоқларининг жорий этилиши ёш фуқароларимизга мактаб партасидан туриб ундан таълим жараёнида фойдаланишга ёрдам беради. Бу эса келажакда Қозоғистоннинг жаҳон миқёсида рақобатбардошлигини оширадиган кўникмаларни эгаллашга ёрдам беради.

Астанада Қозоғистон - Хитой сунъий интеллект мактабининг очилиши ушбу йўналишни ривожлантириш йўлидаги яна бир қадам бўла олади. Қосим-Жўмарт Тўқаев Ҳукуматга шундай ташаббус ишлаб чиқишни топширди. Янги технологик иқтисод учун мутахассисларнинг янги авлоди керак. Бу ерда ҳам таълим тизими ягона вертикал бўйлаб қурилади, мактаблар келгусида касбий таълимнинг пойдеворига айланади. Хитой эса сунъий идрок соҳасида пешқадамлар қаторига киради, у таълимга инновацияларни фаол жорий этмоқда. Бу давлатда ёш авлод сунъий интеллектдан фойдаланишнинг шаклланиб улгурган кўриниши тарзидаги чорловга тайёр бўлиши керак, деб ҳисоблашади. Фақат дастурлаш кўникмаларини сингдириш эмас, алгоритмларни тушуниш ва машина ечимларини таҳлил қилиш малакасига ҳам эътибор қаратилади. Қозоғистон ушбу тажрибани ўрганиш ва маҳаллий тизимга мослаштиришни режалаштирган. Гонконг ҳамкорликка қизиқиш билдирди, у ерда сунъий идрокни ўрганиш дастурлари мактаблар ва университетларда мавжуд.

Саймон Чан, Гонконг Савдо ва иқтисодий ҳамкорлик бошқармаси бош директори:

- Сунъий интеллект соҳасидаги таълимга келсак, Гонконг ўқувчилар, талабалар ва ёшларнинг бу борада билим олишига имкон берувчи ташаббусларни қўллайди. Бизда ўрта таълим мактаблари ва университетлар учун СИ таълимни ривожлантириш давлат дастурлари бор. Гонконг халқаро таълим маркази бўлиб, Марказий Осиё мамлакатлари билан ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдор. Сунъий интеллект таълим соҳаси ўзаро алоқаларнинг истиқболли йўналишларидан бирига айланишига ишончим комил.

Абдумалик Сарманов таржимаси