Олтин Ўрда мероси Евроосиё халқлари ўртасидаги тарихий-маданий алоқаларни мустаҳкамлаш пойдевори бўла олади. Астанада бўлиб ўтган халқаро илмий-амалий тадбирда шундай фикр билдирилди. Мутахассислар Қозоғистон, Мўғилистон, Ўзбекистон, Қирғизистон, Туркманистон, шунингдек, Татаристон ва Бошқирдистонни умумий тарихий илдизлар ҳамда маданий анъаналар бирлаштиришини таъкидлади. Иштирокчилар Жўжи Улусининг мероси ва унинг туркий давлатчилик ривожидаги ролига алоҳида эътибор қаратди. Олимлар Олтин Ўрда цивилизациясининг энг йирик марказларидан бири Қозоғистон бўлгани, унинг тарихий меросини сақлашдаги аҳамиятини таъкидлади.
Мақсат Алписбес, Л.Н. Гумилёв номидаги Евроосиё Миллий университети Олтин Ўрда цивилизацияси кафедраси мудири:
– Буюк дашт давлатчилиги тарихи Жўжи улуси давридан бошланади. Президент Қосим-Жўмарт Тўқаев халқаро симпозиумда Олтин Ўрданинг энг муҳим мероси - давлат фаолияти ҳақида гапирди. Замонавий Қозоғистон Жўжи улусининг маданияти ва тамаддуни вориси ҳисобланади. Ушбу анжуманда ҳам тадқиқотчилар Олтин Ўрда ва унинг давлат тузилиши тарихини муҳокама қилади.
Абдумалик Сарманов таржимаси.

