Қозоғистонда Германия билан бирга қўшма сув хаби ташкил этилади. Унинг вазифаси: захиралардан самарали фойдаланиш учун замонавий технологиялар ва муҳандислик ечимларини жалб қилиш. Лойиҳага икки мамлакат давлат идоралари, бизнеси ва экспертлари киради. Ғоя Сув захиралари ва ирригация вазири Нуржан Нуржигитов ҳамда Германия элчиси Хайке Ренате Пайч томонидан муҳокама қилинди. Лойиҳа концепцияси German Water Partnership ҳамжамиятига юборилди. Бу ташкилотга 300 дан зиёд ихтисослашган компаниялар киради. Янги технологияларни бевосита объектларда синаб кўриш режалаштирилмоқда. Мумкин бўлган лойиҳалар қаторига рақамли инновацияларни жорий этиш, сувни тозалаш ва инфратузилмани модернизация қилиш киради. Айниқса, саноат соҳасида замонавий ечимларга талаб катта. Қозоғистонда ишлатилаётган сувнинг тўртдан бир қисми саноат корхоналарига тўғри келади. 600 дан зиёд компания ишлатилган сувдан қайта фойдаланишга ўтиш ниятида.
Нуржан Нуржигитов, Қозоғистон Республикаси Сув захиралари ва ирригация вазири:
- Бугун биз Германия корхоналарида мутахассисларимиз илм олиши, малака ошириши бўйича таклиф бердик. Ўйлайманки, инновациявий марказ концепциясида барча долзарб масалалар, фаолиятнинг муҳим йўналишларини акс эттирдик. Жумладан, тошқинларни прогноз қилиш, рақамлаштириш бўйича энг янги ишланмаларни қўллаш.
Борис Грайфенедер, German Water Partnership ҳамжамияти ижрочи директори:
– Германия Иқтисодиёт вазирлиги ҳамда Қозоғистон Саноат вазирлиги ўртасида «Йўл харитаси» ишлаб чиқилади. Улар бирга сув сифатини ўрганиш, тегишли ҳисоб-китобларни амалга ошириш мумкин бўлган лаборатория яратади. Бу фақат биринчи босқич. Кейинги қадам доирасида Қозоғистон-Германия сув-технология хаби очилади. Биз технологиялар трансфери устида ишлашни режалаштирганмиз.
Абдумалик Сарманов таржимаси.

