Астанада «AI & Digital Bridge» йирик халқаро форуми бўлиб ўтмоқда. Кўп йиллик фаолияти давомида у Евроосиёнинг нуфузли майдончасига айланди, бу ерга дунёнинг илғор компаниялари раҳбарлари, соҳа мутахассислари ва таниқли стартап муаллифлари ташриф буюришади. Унда инновациявий ғоялар туғилади, ҳамкорлар учрашади, реал лойиҳалар ишга туширилади. Қозоғистон Президенти иштирокчиларга мурожаат қилиб, замонавийликнинг ажралмас қисмига айланган янги технологияларни ривожлантириш муҳимлигини таъкидлади. Бунинг учун форум йил сайин кенгайиб бормоқда. Энди у фақат сунъий интеллект эмас, балки ҳисоблаш инфратузилмаси, робототехника, қонунчилик ва технологик хавфсизликни ҳам ўз ичига олади. Қозоғистон янги технологияларни жорий этиш орқали очилаётган барча имкониятлардан тўлиқ фойдаланишга интилмоқда.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
- Ўтган йили Қозоғистоннинг IT-хизматлар экспорти ҳажми 1 миллиард доллардан ошди. Рақамли ечимларимиздан дунёнинг 100 дан ортиқ мамлакатида фойдаланишяпти. Бу ютуқлар Қозоғистоннинг мамлакатимиз ва дунё фаровонлиги йўлида тараққиётга ҳисса қўшишга интилишини акс эттиради.
Аммо шу билан чекланмаслик, аксинча, сунъий идрок имкониятларидан тўлароқ фойдаланиш керак. Қосим-Жўмарт Тўқаев саноатга оид сунъий интеллект вазифалари рўйхатини шакллантириш бўйича топшириқ берди. Улар иқтисоднинг реал талабларига асосланиши зарур. Қосим-Жўмарт Тўқаев лойиҳаларни AI Challenge орқали саралашни, унга Қозоғистон ва хорижий жамоаларни жалб қилишни таклиф қилди. Самарадорлигини исботлаган ташаббуслар ишлаб чиқаришга жорий этилади. Давлат раҳбари инсон капиталига алоҳида эътибор қаратди. Зеро, олимлар, муҳандислар, тадбиркорларсиз замонавий маълумот марказлари ва илғор технологиялар зарур натижани кафолатлай олмайди.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
- Шунинг учун биз билимли, малакали ва инновациявий фикрлайдиган мутахассисларни тайёрловчи миллий илмий-муҳандислик мактабини шакллантиришимиз керак. Бу борада яқинда очилган «Qazaq AI Research University»га алоҳида вазифа юкланади. Бу таълим даргоҳи айни вақтда ишлаб чиқариш ва иқтисод талабларига жавоб берадиган илмий тадқиқотлар олиб бориши керак. Ушбу мақсадга эришиш учун сунъий интеллектни аниқ соҳаларда қўллашга мўлжалланган «AI+X» модели жорий этиляпти.
Давлат раҳбари сунъий интеллектни тартибга солиш масалаларига алоҳида тўхталди. Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг фикрича, истиқболли ишланмалар ва капитал бошқа юрисдикцияларга ўтиб кетмаслиги лозим. Бунинг учун ҳуқуқий мувозанат керак. Президент сунъий интеллектдан масъулият билан фойдаланиш маданиятини шакллантириш муҳимлигини таъкидлади. Қозоғистон нейрон тармоқлардан тинч ва хавфсиз фойдаланиш тарафдори. Технологиялар инсонга хизмат қилиши, тараққиётнинг катализатори бўлиши зарур.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
- Яқинда Президент Дональд Трамп ташаббуси билан АҚШнинг етакчи технологик компаниялари Суперинтеллект тўғрисида битим имзолаганини таъкидламоқчиман. Ўйлайманки, бундай ёндашув барча манфаатдор мамлакатлар томонидан пухта муҳокамадан сўнг глобал миқёсда қабул қилиниши мумкин бўлган модель сифатида кўриб чиқилади.
Нутқининг ниҳоясида Давлат раҳбари Қозоғистон янги технологик иқтисод учун мустаҳкам пойдевор яратганини таъкидлади.
Абдумалик Сарманов таржимаси.

