«Astana Media Week»да журналистика келажаги муҳокама қилинмоқда. 10-марта Қозоғистон пойтахтида ўтказилаётган халқаро форумда Қозоғистон, Грузия, Озарбайжон, Қирғизистон, Швейцария ва бошқа мамлакатларнинг журналистлари, ахборот воситалари ва технологик компаниялар вакиллари тўпланди. Таклиф этилган экспертлар ичида Euronews, Meta ва TikTok вакиллари ҳам бор. Бугунги кунда тобора кўпроқ одам интернет орқали маълумот олмоқда. Шу жумладан, қозоғистонликларнинг деярли ярми янгиликларни ижтимоий тармоқлар ва мессенжерлардан ўқийди. Таҳририятлар иши ўзгармоқда. Сунъий интеллект контент яратишга ёрдам беряпти, анъанавий оммавий ахборот воситалари янги рақамли платформаларни ўзлаштирмоқда. Мамлакат медиа бозори ўсишда давом этяпти. Сўнгги 10 йилда Қозоғистонда оммавий ахборот воситалари сони икки марта ошди ва 5,5 мингга етди. Бу шароитда ахборот ҳаққонийлиги ва аудиториянинг ишончи алоҳида аҳамият касб этади. Нафақат тажриба алмашиш, балки медиа соҳасида янги келишувлар тузиш учун платформага айланган форум иштирокчилари ҳам шу масалаларни кўтармоқда.
Қанат Исқақов, Қозоғистон Республикаси Маданият ва ахборот вазирининг биринчи ўринбосари:
- Бошқа мамлакатлардаги ҳамкасбларимиз билан контент бўйича бир нечта ҳужжатларни имзолашни режалаштирган. Шунингдек, дезинформация масалалари бўйича меморандум устида иш олиб борилмоқда. Медиа доирасида туркий тилли мамлакатлар ахборот вазирларининг учрашуви ўтказилади, унда коммюнике имзоланади. Шунингдек, «Astana Media Week»да анъанага кўра муҳокамалардан ташқари, бир қатор шартномалар имзоланиши кутиляпти.
Абдумалик Сарманов таржимаси.

