Қозоғистон Президенти Astana AI Film Festival халқаро кинофестивалининг очилиш маросимида иштирок этди. Қосим-Жўмарт Тўқаев бу сунъий идрок ёрдамида олинган фильмларнинг биринчи халқаро танлови эканини таъкидлади. Унинг фикрича, лойиҳа мамлакатимизда креатив саноат жадал ривожланаётганининг ёрқин намунаси бўла олади. Қозоғистонда бу йўналишда яхлит экотизим яратиш учун тегишли чоралар кўрилмоқда. Иқтидорли фуқаролар ҳар томонлама қўллаб-қувватланяпти.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
- Астана шаҳрида бундай глобал тадбир ўтказилиши бежиз эмас. Қозоғистон – навқирон мамлакат, аҳолининг ўртача ёши 33да. Мен Қозоғистон ёшларини билимга, янгиликка чанқоқ, илғор фикрли авлод деб биламан. Ушбу танлов туфайли иштирокчилар ўзаро тажриба алмашади ва келажакда қўшма лойиҳаларни амалга оширади.
«Astana AI Film Festival» дунёнинг 125 давлатидан 8 мингдан зиёд асар муаллифлари эътиборини қозонди. АҚШ, Ҳиндистон, Хитой, Жанубий Корея, Буюк Британия, Индонезия, Япония, Бразилия, Франция ҳамда бошқа давлатлар вакиллари унда фаол қатнашди. Қосим-Жўмарт Тўқаев ҳакамлар ҳайъати таркибида санъат ва технология соҳасидаги дунёга машҳур мутахассислар борлигини алоҳида айтиб ўтди. Мазкур лойиҳа истеъдодли ва интилувчан инсонлар учун янги имкониятлар яратишига, жаҳон креатив саноатини ривожлантиришга хизмат қилишига ишонч билдирди.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
- Ҳозир кичик ижодий жамоалар ҳам катта студиялар билан рақобатлаша олади. Ижодкорлар, суратга олиш гуруҳлари фильм яратишда продюсерлик компаниялари остонасига бориши, ҳомийлар излаши шарт эмас. Бозорга кириш анча осонлашди. Бу, бир томондан, рақобатни кучайтирса, бошқа томондан, истеъдодли одамлар ўзини намоён қилишига имкон беради. Бундай ижобий ўзгаришлардан ижодий ҳамжамиятни бирлаштириш йўлида самарали фойдаланиш керак.
Абдумалик Сарманов таржимаси.

