Astana Finance Days 90 та мамлакат вакилларини жамлади

Astana Finance Days 90 та мамлакат вакилларини жамлади

Халқаро инвестиция ва молия компаниялари Астанада Қозоғистон иқтисодига сармоя киритишнинг янги имкониятларини муҳокама қилмоқда. Шу кунларда пойтахтда бўлиб ўтаётган Astana Finance Days 90 та мамлакатдан саккиз минг нафар иштирокчини бир майдонга жамлади. Улар орасида «BlackRock», «Goldman Sachs», «Capital Group», «Brookfield» (Блэк-рок, Голдмэн Сакс, Кэ́питал Груп, Бру́кфилд) ва бошқа йирик глобал халқаро молия ташкилотлари вакиллари бор. Форумда иштирок этаётган компаниялар бошқарувидаги активлар умумий ҳажми 26 триллион доллардан зиёд. Реал секторни молиялаштириш, молиявий инфратузилмани ривожлантириш, инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва трансчегаравий ҳамкорлик масалалари форум дастуридан ўрин олган. Ташкилотчилар таъкидлашича, Қозоғистон бизнесининг халқаро инвесторлар билан ҳамкорлигининг амалий механизмларига алоҳида эътибор қаратилди.

Ренат Бектуров, «Астана» халқаро молия маркази бошқарувчиси:

- Инвесторларни тўпладик, улар биз саралаган лойиҳаларни кўришлари, ўз лойиҳаларини тақдим этишлари мумкин.  Сармоядорлар энг яхши лойиҳаларни танлаб, шартномалар тузишлари мумкин. Амалий натижаларни келаси йили кўрамиз. Бу йил ҳам тегишли йўналишларда, капитал бозорлари, тартибга солиш бобида иш давом этмоқда. Рақамли активлар ва токенлаштириш бўйича жуда катта блок мавжуд.

Тоғ-кон саноати, инновациявий лойиҳалар, сунъий идрок технологиялари сармоядорлар эътиборини жалб қилувчи нуқталар қаторида. Janus Henderson Investors (Джэ́нус Хэ́ндерсон Инвэ́сторз) турли мамлакатларда 500 миллиард доллардан зиёд активларни бошқаради. Компания вакиллари Қозоғистон молиявий инфратузилмаси юксак ривожланганини, АХММ яратаётган имкониятларни таъкидламоқда. Ҳозир молия ташкилоти фаолият географиясини кенгайтириш, бевосита инвестициялар киритишни кўриб чиқмоқда.

Мишал ал-Фарис, Janus Henderson Investors компаниясининг Яқин Шарқ, Африка ва Марказий Осиё бўйича минтақавий раҳбари:

- «Astana Finance Days»да иккинчи марта иштирок этмоқдамиз. Йил сайин ушбу тадбир кўлами кенгайиб бораётганини кўряпмиз. Тобора кўпроқ компания Астанада ўз ваколатхоналарини очишини кутяпман. Биз бундан манфаатдормиз. Қозоғистон ҳукумати билан алоқадамиз ва фаолиятимизни кенгайтириш, Қозоғистонга сармоя киритиш имкониятлари ҳақида музокара олиб бормоқдамиз.

Абдумалик Сарманов таржимаси