Астана атрофидаги «яшил белбоғ» деярли икки марта кенгаяди

Астана атрофидаги «яшил белбоғ» деярли икки марта кенгаяди

Яқин йилларда Астананинг «яшил белбоғ»и деярли икки марта кенгаяди. Ҳозирда мутахассислар илмий синовлар олиб бормоқда. Сўнг эса лойиҳалаштириш, белгилаш босқичи бошланади ва шундан кейингина ниҳоллар ўтқазишга киришилади. Бутун жараён тахминан 5 йилча вақт олади, дейди мутахассислар. Таъкидлаймиз, Астана атрофидаги "яшил белбоғ" ўтган аср 90-йиллари охирида барпо этила бошланган. Ўша пайтда даштда 15 минг гектарга яқин ўрмон ташкил қилинганди. Пировардида, пойтахтда чанг бўронлари 3 марта камайди, дейди синоптиклар. Ўрмон эса ўзига жалб қиладиган объектга айланди.

Ардақ Хасенов, «Астана Ормани» МЧЖ бош агрономи:

– Жанубий-Ғарбий қисмидаги участкада умумий узунлиги 26 километрга тенг велосипед йўлакчаси ташкил этилди. 2020 йилда 13 минг 200 метрлик масофада отлар учун сўқмоқ яратилди. Айни пайтда, мана шундай кўркам арчалар, оққайин, қарағайлар ўсиб турибди. Шундай хушманзара ўрмон ҳосил қилдик.

Бугунги кунда қўлда барпо этилган ушбу ўрмонда 36 турдаги дарахтлар ўсади. Флора туфайли ҳайвонот олами ҳам жонланди. Дастлаб бу ерда қуёнлар пайдо бўлди. Улар ортидан тулки ва шоқоллар. Ҳозирда буғу ва ҳатто лослар юргани қайд этилмоқда, турли қушлар учиб келади. Бу натижа ортида ўнлаб одамлар меҳнати ётади. Шулардан бири - Қанатбек Саметов. Унинг касби механизатор, ўн йилча вақтдан бери ўрмончи бўлиб ишлайди ва бу ҳудуднинг ҳар бир бурчини билади.

Қанатбек Саметов, ўрмончи:

– Менга бу иш ёқади, ҳамиша табиат қўйнидамиз. Соғлиқ учун фойдали: кўп ҳаракат қиламиз, пиёда юрамиз, ҳаво тоза. Ҳам ишлаймиз, ҳам ҳузур оламиз, бири бошқасини тўлдиради.

Абдумалик Сарманов таржимаси