«AI & Digital Bridge 2026»: СИ ишланмалар кўлами кенгаяди

«AI & Digital Bridge 2026»: СИ ишланмалар кўлами кенгаяди

Астанада «AI & Digital Bridge 2026» халқаро форуми якунлари сарҳисоб қилинди. Унинг доирасида 60 дан ортиқ янги келишувларга эришилди. Улар орасида «Kraken» компанияси билан рақамли активлар бозорини ривожлантириш, блокчейн технологияларини қўллаш бўйича ҳамкорлик меморандуми бор. Бош вазир Ўлжас Бектенов ушбу компания раҳбарияти, шунингдек, «Higgsfield AI» ҳамда «DREAM» раҳбарлари билан икки томонлама учрашувлар ўтказди. Томонлар кадрлар тайёрлаш, қўшма лойиҳалар ва қозоғистонликларнинг технологик ташаббуслардаги иштирокини муҳокама қилди. Форум якунида истиқболли сунъий идрок ишланмаларини кенгайтириш режалари белгилаб олинди. Муҳим йўналишлардан бири - робототехника.

Владислав Сафаров, Qazbot  компанияси Бош директори:

- Бизда пилот лойиҳа мавжуд. Қозоғистоннинг иккита йирик шаҳри - Астана ва Алматида уни амалга оширмоқчимиз. Биринчи босқичда гуманоид ва ит шаклидаги роботларни жорий этамиз. Улар аҳоли билан мулоқот қилади. Астанада бу роботлар ЛРТда қўлланади, йўналишлар, ЛРТдан фойдаланиш имкониятлари, шунингдек, меҳмонхоналар, аҳолига хизмат кўрсатиш марказлари ҳамда ижтимоий объектлар ҳақида маълумот бериш билан шуғулланади.

Сунъий идрокни амалда жорий этиш форумнинг асосий мавзуларидан бири. Тақдим этилган ишланмалар саноат, таълим, молия сектори ва давлат хизматлари тизимида қўлланмоқда. Энди энг самарали ечимларни кенгайтириш ва рақамли хизматларни фуқаролар учун қулай қилиш зарур. Бундай лойиҳалардан бири 1414 ягона алоқа марказида йўлга қўйилди.

Арман Кенжеғалиев, «Фуқаролар учун ҳукумат» давлат корпорацияси бошқаруви раиси:

- Бугунги кунда сунъий интеллект ёрдамчиси энг кўп талаб қилинадиган давлат хизматлари: шахсни тасдиқловчи ҳужжатларни олиш, кўчмас мулкни ва ҳуқуқий шахсларни рўйхатдан ўтказиш, ижтимоий ёрдамни, ҳайдовчилик гувоҳномасини қандай олиш ва бошқалар бўйича маслаҳат беради. Ассистент тўлақонли тартибда ишлайди, қўнғироқларни қабул қилади, уч тилдаги мурожаатларни қайта ишлайди. СИ ҳозир муаммоларнинг деярли 40 фозини ўзи ҳал қилади. Фуқарога тегишлича хизмат кўрсатади.

Абдумалик Сарманов таржимаси.