Қурултой конституциявий ислоҳотнинг асосий натижаларидан бири. У Қозоғистондаги ижтимоий-сиёсий ўзгаришларнинг янги босқичини бошлаб беради. Қозоғистон Ижтимоий ривожланиш институти эксперт-маслаҳатчиси Дидар Тебаев шундай фикр билдирди. Ислоҳот давлат ҳокимияти тизимигагина эмас, фуқароларнинг кундалик ҳаётига ҳам таъсир кўрсатди. Конституция никоҳ тушунчасига аниқлик киритди, шахсий маълумотлар эса илк бор замонавий рақамли технологияларни ҳисобга олган ҳолда Асосий қонун даражасида алоҳида ҳимояга эга бўлди.
Дидар
Тебаев, Қозоғистон ижтимоий ривожланиш институти эксперт-маслаҳатчиси:
- Оила тўғрисидаги қоидалар, оила нима эканлиги Конституцияда кўрсатилди. У эркак ва аёлнинг тенг ҳуқуқли иттифоқи, дея таърифланди. Шуниси муҳимки, оила таърифи аниқ берилиши анъанавий қадриятларимизга содиқлигимизни, улар ўзгармаслигини айтиш имконини беради. Нега? Чунки конституцияга ҳар қандай ўзгартириш ва қўшимча фақат умумхалқ референдуми орқали киритилади. Яъни, конституциямиз қандай бўлишини, қандай ўзгартиришлар киритилишини халқ ҳал қилади.
Янги конституциявий кафолатлар барчанинг кундалик ҳаётига айланган рақамли муҳит билан боғлиқ. СТИР, биометрия, банк операциялари ва электрон ҳужжатлар одатий воситаларга айланди. Шунинг учун энди гап нафақат рақамли хизматларнинг қулайлиги, балки инсон ва унинг шахсий маълумотларини Конституция даражасида ҳимоя қилиш ҳақида ҳам бормоқда.
Дидар
Тебаев, Қозоғистон ижтимоий ривожланиш институти эксперт-маслаҳатчиси:
- Рақамли технологиялар фирибгарлар томонидан ҳам фаол қўлланилмоқда. Шахсий маълумотларимизни ҳимоя қилиш учун конституциявий асос керак эди. Қозоғистон биринчилардан бўлиб сунъий идрок тўғрисидаги қонунни, Рақамлаштириш кодексини қабул қилди. Асосий қоидалар, жумладан, шахсий маълумотларимизни ҳимоя қилиш кафолатлари қайд этилди. Рақамли дунё кириб келди ва биз маълумотларимиз ҳимояланиши кераклигини тушунамиз. Улар, биринчи навбатда, Конституция билан ҳимояланган.
Абдумалик Сарманов таржимаси

