Ашхободда Туркманистон иқтисодиётининг 35 йиллик мустақиллик даврида эришган ютуқлари намойиш этилди. Савдо-саноат палатасида давлат корхоналари ҳамда хусусий бизнес вакиллари иштирокида кенг кўламли кўргазма ташкил қилинди. Унда инвестиция лойиҳалари ва маҳаллий маҳсулотлар тақдим этилди. Ташриф буюрганлар транспорт, қурилиш, кимё ҳамда қишлоқ хўжалиги соҳаларидаги янгиликлар ва ишланмалар билан танишди. Алоҳида стендлар тўқимачилик ва озиқ-овқат саноати, шунингдек, рақамли технологияларга бағишланди.
Андрей Хрипунов, Россия Федерациясининг Туркманистондаги савдо вакили:
- Бу ерда Туркманистоннинг турли соҳаларида фаолият юритаётган ишбилармонлар, саноатчи ва экспортчиларни кўриб турганимдан жуда хурсандман. Улар гўзал мамлакатнинг бебаҳо бойлиги. Кўплаб тадбиркорлар Россия кўргазмаларида иштирок этгани ёки иштирок этишни режалаштираётгани кишини қувонтиради. Ўйлайманки, ушбу тадбир алоқаларни ўрнатиш, бевосита мулоқот, ҳам бизнес вакиллари, ҳам давлат тузилмалари вакиллари ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш учун муҳим майдон бўлиб хизмат қилади.
Абдумалик Сарманов таржимаси

