Қўстанай вилоятида қуввати 1000 мегаватт бўлган йирик шамол электр станцияси қурилади. Лойиҳа доирасида 300 мегаваттли электр энергияси захирасини сақловчи тизим ҳам кўзда тутилган. Бу ишга 380 миллиард тенге сармоя киритилади. Энергетика вазирлиги берган маълумотга кўра, қурилиш 2027 йил баҳорида бошланади, станция 2029 йил охиригача фойдаланишга топширилиши режалаштирилган. Лойиҳа қўшимча инвестиция жалб қилиш ва 750 та янги иш ўрни яратиш имконини беради. Станция Қозоғистон энергия балансида қайта тикланадиган энергия манбалари улушини оширишга ёрдам беради. 2030 йилга бориб, бу кўрсаткични 15 фоизга, 2050 йилгача эса муқобил энергия манбаларини ҳисобга олган ҳолда, 50 фоизга етказиш режа қилинган.
Ержан Ертаев, Қозоғистон Республикаси Энергетика вазири ўринбосари:
– Ҳукумат лойиҳа бўйича инвестициявий шартнома имзолашни маъқуллади. Унинг доирасида 300 МВт энергия сақлай оладиган, 1000 МВт қувватга эга шамол электр станцияси бунёд этилади. Қурилиш босқичида 700 га яқин иш ўрни яратилади. Станция ишга тушгач, 50 нафарга яқин мутахассис доимий иш ўрни билан таъминланади. Янги объект ҳудуд инфратузилмасини мустаҳкамлайди, энергия таъминоти барқарорлигини оширади, ижтимоий-иқтисодий ривожланишга қўшимча туртки беради.
Абдумалик Сарманов таржимаси.

