Сунъий
интеллект даврида журналистиканинг истиқболлари ва муаммолари, рақамли
технологиялар, ахборот шовқинига қарши кураш, кадрлар салоҳиятини ривожлантириш
ва классик таҳририятларнинг ўзгариши. Бу мавзулар Санкт-Петербургда бўлиб ўтган
III Қозоғистон — Россия медиа форумида муҳокама қилинди. У икки мамлакат медиа
ҳамжамияти, давлат органлари ва эксперт доиралари вакилларини бирлаштирди. Қозоғистон
Президенти Телерадиомажмуаси директори Раушан Қажибаева давлат раҳбарлари Қосим-Жўмарт Тўқаев ва Владимир Путин раҳбарлигида
кенг қамровли стратегик ҳамкорлик даражасига кўтарилган ўзаро шериклик ва
иттифоқчилик муносабатларини ахборот майдонида тарғиб қилишда оммавий ахборот
воситаларининг аҳамиятини таъкидлади. Унга кўра, Қозоғистоннинг янги
Конституциясида медиа, рақамли журналистика ва ахборот ҳамкорлигини
ривожлантириш учун ҳуқуқий база шакллантириш қоидалари мавжуд.
Раушан
Кажибаева, Қозоғистон Республикаси Президенти Телерадиомажмуаси директори:
-
Биз сифатли журналистика стандартларини, таҳририят масъулияти институтини
қатъий ҳимоя қилиш ва профессионал медиа муҳитини назоратсиз, манипулятив
контент оқимлари билан алмаштиришга йўл қўймаслик лозимлигига асосланамиз.
Медиа-форумда
Қозоғистон Президенти Администрацияси Коммуникациялар бўлими мудири Қанат Қулшманов
ҳам сўзга чиқди.
Қанат
Қульшманов, Қозоғистон Республикаси Президенти Администрацияси Коммуникациялар бўлими
мудири:
–
Медиа соҳаси навбатдаги технологик бурилишни бошдан кечиряпти. Ўз вақтида
интернет босма нашрлар ва радиотелевидениенинг мавқеини ўзгартирганди. Энди
сунъий интеллект ахборот бозорининг ривожланишини янги изга солган рақамли
медиага таъсир ўтказяпти.
ТАСС
бош директори Андрей Кондрашов Қозоғистоннинг рақамлаштириш ва сунъий идрокни
ривожлантиришдаги ютуқларини қайд этди. У сунъий интеллект тўғрисидаги қонун
қабул қилиниши, Рақамлаштириш кодекси устида иш олиб борилаётгани, соҳага оид
таълимни ривожлантиришга эътибор қаратди. Унга кўра, бу тажриба россиялик
ҳамкасбларда қизиқиш уйғотади. Андрей Кондрашов, шунингдек, медиа-форум ижтимоий-сиёсий
аҳамиятга эга эканлигини таъкидлади. Анжуман доирасида Қозоғистон Президенти
Телерадиомажмуаси ва ТАССнинг қўшма лойиҳаси – «Россия
ва Қозоғистон фотографлари нигоҳида коинотни забт этиш»
кўргазмаси очилди. Икки медиа тузилма томонидан тақдим этилган экспозицияда
Бойқўнғир тарихини акс эттирувчи ноёб суратлар бор.
Абдумалик Сарманов таржимаси

