Бугун Астана шаҳридаги Мустақиллик саройида VI Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинлари ғолиблари тақдирланди. Тантанали тадбирда Қозоғистон Президенти спортчи ва мураббийларни мусобақадаги ёрқин чиқишлари билан табриклади. Эслатамиз, мусобақада мамлакат спортчилари 74 та медални қўлга киритди, жамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади. Давлат раҳбари уларнинг юксак маҳорат намойиш этгани, ғалабаси билан мамлакат фахрланишини, Қозоғистоннинг миллий спорт турларидаги юксак нуфузи тасдиқланганини таъкидлади.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
- Бу ютуқ халқимизнинг мустаҳкам иродаси, кучли руҳияти
ва ғалабага бўлган интилишининг ёрқин тасдиғи бўлди. Шубҳасиз, спортнинг энг
муҳим вазифаси ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатликни тарбиялашдан, шунингдек, халқлар
ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлашдан иборат. Ушбу улкан спорт тадбири юқори
савияда ташкил этилди ва унинг натижалари адолатли бўлди. Бу борада Қирғизистон
Республикаси Президентига миннатдорчилик билдирмоқчиман.
Аммо ҳар қандай муваффақиятга тизимли ишлар натижасида эришилади. Сўнгги етти йилда 500 тадан зиёд спорт иншооти барпо этилди, қатор спорт заллари, арена ва майдончалар модернизация қилинди. Бундан ташқари, ўтган йилнинг ўзида 220 минг нафардан кўпроқёш қозоғистонликлар спорт секцияларига бепул ташриф буюрди. Мамлакатда миллий спорт ҳам жадал ривожланмоқда. Уларнинг мақоми қонуний равишда олимпиада спорт турларига тенглаштирилган. Ҳозир 30 тадан ортиқ махсус муассасалар фаолият юритмоқда, пойтахтда Миллий спорт университети, шунингдек, Миллий ва от спорти маркази очилган. Лекин ҳали олдимизда кўплаб вазифалар турибди.
Қосим-Жўмарт Тўқаев,
Қозоғистон Республикаси Президенти:
- Бу йил Астанада анъанавий спорт ва рақамли технологияларни бирлаштирган ноёб турнир - "Келажак ўйинлари" муваффақиятли ўтказилди. Келгуси йили еттита жаҳон чемпионати ўтказилади. Олдимизда жуда катта ҳажмдаги ишлар турибди, лекин бу халқаро тадбирларнинг барчаси мамлакатимизнинг обрў-эътибори ва нуфузини мустаҳкамлаш учун жуда зарур. 2029 йилда эса Алматида Х қишки Осиё ўйинлари бўлиб ўтади. Бу йирик турнирларнинг барчасини энг юқори савияда ташкил этиш керак.
Қосим-Жўмарт Тўқаев бутун
дунё ушбу мусобақаларга қизиқиш билдираётганини таъкидлади, қардош халқларни
уларни ривожлантириш ва тарғиб қилишда саъй-ҳаракатларни бирлаштиришга чақирди.
Бу Буюк дашт цивилизацияси ворисларининг қадимий анъаналари ва маънавий
қадриятларини асраб-авайлаш ва оммалаштириш имконини беради. Тантанали
маросимда Президент ғолиб спортчиларга, уларнинг мураббийларига, спорт
ташкилотлари раҳбарлари ва тадбиркорларга давлат мукофотларини топширди.
Абдумалик Сарманов таржимаси.

