Қозоғистоннинг IT маҳсулотлари жаҳон бозорига чиқмоқда

Қозоғистоннинг IT маҳсулотлари жаҳон бозорига чиқмоқда

IT соҳаси Қозоғистон иқтисодиётининг энг жадал ривожланаётган соҳаларидан бирига айланди. Рақамли маҳсулотлар жаҳон бозорларига кириб бормоқда. Давлат раҳбарининг 2026 йилга бориб IT-хизматлар экспортини 1 миллиард долларга етказиш бўйича топшириғи муддатидан олдин бажарилди. Ўтган йили ушбу кўрсаткич 1 миллиард 100 миллион доллардан ошди. Умуман олганда, сўнгги беш йилда Қозоғистон IT-маҳсулотлари экспорти 34 марта кўпайди.

Жўлдас Саханов, Қозоғистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Сунъий интеллект ва рақамли тараққиёт вазирлигининг Рақамли активлар ва илғор технологиялар қўмитаси раиси:

- Рақамли ечимлар дунёнинг 111 та давлатига экспорт қилинмоқда. Асосий йўналишлар - АҚШ, Европа, Яқин Шарқ ҳамда Осиё. Экспортдан олинган даромад хорижий рақамли ечимларни импорт қилиш харажатларидан 2,5 марта кўп, жами, 429 миллион долларни ташкил этди. «Astana Hub» иштирокчиларининг экспорти 2025 йилда 634 миллион долларга етди. 537 та компания ташқи бозорларга маҳсулот етказиб бермоқда.

Қозоғистонда рақамли лойиҳаларни ривожлантираётган компаниялар учун солиқ имтиёзлари, инфратузилма ва махсус қўллаб-қувватлаш дастурлари мавжуд. Улар орасида «Google for Startups» билан ҳамкорликда амалга оширилаётган «Silkway Accelerator» ҳам бор. Навбатдаги мақсад - 2029 йилга бориб IT-хизматлар экспортини 2 миллиард долларга етказиш.

Жансая Қалибекова, Astana hub  иштирокчиларини рўйхатга олиш офиси директори:

- Асосий экспорт йўналишлари орасида ўйин саноати, бизнесни автоматлаштириш, таълим ҳамда молиявий технологиялар бор. Масалан, Қозоғистоннинг «Python RPA» компанияси иш жараёнларини автоматлаштириш учун ечимлар таклиф этади. Унинг маҳсулотлари жаҳон бозорига чиқмоқда. «Finelo» ва «Coursiv» (Курсив) маҳсулотларини ишлаб чиққан «ZIMRAN» компанияси фойдаланувчиларга молиявий саводхонликни ошириш ҳамда сунъий интеллект билан ишлаш кўникмаларини эгаллашга ёрдам беради.

Абдумалик Сарманов таржимаси.