Қозоғистоннинг БРИКС аъзолари билан товар айланмаси 72 миллиард долларга етди

Қозоғистоннинг БРИКС аъзолари билан товар айланмаси 72 миллиард долларга етди

Қозоғистон Президенти Янги Деҳлида бўлиб ўтган «БРИКС плюс» саммитида иштирок этди. Қосим-Жўмарт Тўқаев «аутрич» форматидаги ялпи мажлисда нутқ сўзлади. Давлат раҳбари БРИКСнинг тарқоқликни бартараф этиш ва глобал барқарорликка эришиш салоҳиятига эътибор қаратди. Зеро, бугунги кунда дунёда энг йирикларидан бўлган ушбу ташкилотга аъзо мамлакатларда дунё аҳолисининг деярли ярми яшайди, улар жаҳон ялпи ички маҳсулотининг 40 фоизини беради. Қосим-Жўмарт Тўқаев асосий муаммолар қаторида «Буюк парчаланиш»ни — жорий йилда илк марта Глобал тинчлик индексида қўлланилган атамани тилга олди. У геосиёсий зиддиятларни ҳам, қуролланиш, савдо тўсиқлари кучайишини ҳам ўз ичига олади. Ўтган йили куч ишлатишнинг глобал иқтисодий зарари жаҳон ялпи ички маҳсулотининг 10 фоизига етди. Қозоғистон Президенти фикрича, яна бир жиддий муаммо — трансчегаравий инфратузилмаларга таҳдид.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:


- Сиёсий мулоқот ва изчил дипломатия орқали минтақавий кескинликни юмшатишдан узоқ муддатли барқарорликка ўтиш устувор вазифага айланиши керак. Кенг маънода олсак, халқаро хавфсизлик архитектураси емирилиши, узоқ давом этган можаролар янги қуролланиш пойгаси, шунингдек, стратегик хатолар ва нотўғри қарорлар хавфини оширади. Ядро уруши хавфини, шунингдек, янги технологиялар билан боғлиқ таҳдидларни камайтириш мақсадида ядровий давлатлар ўртасида юқори даражадаги мулоқот жуда зарур.

Етакчи давлатлар ўртасидаги ишонч пасайиши БМТнинг самарали ҳаракат қилиш имкониятларини чеклайди, деб ҳисоблайди Қосим-Жўмарт Тўқаев. Аммо унинг муқобили йўқ, деб яна бир бор таъкидлади Президент. Қозоғистон ҳамкор давлат сифатида БРИКСни БМТнинг марказий роли сақланган ҳолда кўп томонлама тизимни тўлдирадиган амалий ҳамкорлик учун очиқ платформа деб билади, деди Қосим-Жўмарт Тўқаев.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

 

- Бизнинг ўзгармас тамойилимиз - ҳар бир мураккаб масала юзасидан умумий жиҳатларни излашдан иборат. Бу ёндашув барча шериклар билан ўзаро манфаатли ҳамкорликка интилишга асосланган, мувозанатли, аниқ мақсадларга йўналтирилган ташқи сиёсатимизни акс эттиради.

Ўтган йили Қозоғистоннинг БРИКС аъзолари ва ҳамкорлари билан маҳсулот айирбошлаш ҳажми 72 миллиард долларга етди. Мамлакат бу кўрсаткични кенгайтириш ниятида. Қозоғистон EОИИ раиси сифатида БРИКС билан иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш ва Ҳиндистон билан эркин савдо битими тузиш бўйича ишларни давом эттириш тарафдори. Қосим-Жўмарт Тўқаевга кўра, энергетика, муҳим минералларни чуқур қайта ишлаш, агросаноат мажмуаси ва транспорт соҳасидаги ўзаро боғланиш бобида катта имкониятлар мавжуд. Президент Янги тараққиёт банкига БРИКС мамлакатлари ва Қозоғистондаги лойиҳаларни молиялаштириш имкониятини кўриб чиқишни таклиф қилди. Бу транспорт йўлакларини ривожлантириш, инфратузилма ва саноат ишлаб чиқаришига инвестиция жалб қилишни ўзаро боғлаш имконини беради.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

 

- Транзит тармоғимиз Хитой ва Европа ўртасида қуруқликдан юк ташувининг 85 фоизини таъминлайди. Транскаспий халқаро транспорт йўналиши доирасида Қозоғистон Каспий денгизи орқали Осиё ва Европа ўртасида боғловчи бўғин вазифасини бажаради. Ушбу муҳим транспорт йўналишининг «Ягона макон-ягона йўл» ташаббуси ва «Шимол-Жануб» халқаро транспорт йўлаги билан уйғунлашуви янада интеграциялашган ва барқарор Евроосиё транспорт тармоғини шакллантириш имконини беради.

Қосим-Жўмарт Тўқаев миллий сунъий идрок марказларини бирлаштириш, илмий лойиҳаларга киришни таъминлаш учун БРИКС плюс сунъий интеллект ҳамкорлигини ишга туширишни таклиф қилди. Мамлакатимиз ташаббуси билан бошланган БМТ васийлигида Халқаро сув ташкилотини тузиш бўйича фикр алмашишга чақирди. Нутқининг якунида Президент Қозоғистон суверен тенглик, манфаатлар мувозанати ва умумий масъулиятга асосланган кўп қутблилик тарафдори эканини яна бир бор таъкидлади.

Абдумалик Сарманов таржимаси