Қозоғистонда замонавий суғориш тизимлари ишлатилаётган ҳудудлар майдони икки марта ошди

Қозоғистонда замонавий суғориш тизимлари ишлатилаётган ҳудудлар майдони икки марта ошди

Қозоғистонда замонавий суғориш тизимларидан фойдаланиш кенгаймоқда. Мамлакатдаги суғориладиган ерларнинг 36 фоизида сувни тежовчи технологиялардан фойдаланиляпти. Сув хўжалиги ва ирригация вазирлиги берган маълумотларга кўра, томчилатиб суғориш биринчи ўринда туради. Уч йил ичида бундай майдонлар 6 марта — 254 минг гектарга кўпайди. Ёмғирлатиб суғориш тизимлари 379 минг гектарда қўлланади. Туркистон, Алмати ва Қизилўрда вилоятларида фаол жорий этилаётган технология сув сарфини учдан бир қисмга қисқартириш имконини беради. Шу билан бирга, маҳаллий ускуналар ишлаб чиқариш ҳажми ўсиб боряпти. Икки йил ичида заводлар сони 7 тага етди. Улар ички талабни тўлиқ қоплайди. Замонавий усулларга ўтишни тезлаштириш учун давлат фермерларни қўллаб-қувватлаш чораларини кенгайтирди. Уч йил давомида сувни тежовчи технологияларни инвестициявий субсидиялаш учун 214 миллиард тенгедан зиёд маблағ ажратилади, бу аввалги даврга нисбатан деярли тўрт марта кўп.

Талғат Мўмишев, Қозоғистон Республикаси Сув захиралари ва ирригация вазири ўринбосари:

- Президентнинг Қозоғистон халқига Мактубида камида 150 минг гектар суғориладиган ерга сувни тежовчи технологияларни жорий этиш топширилган. Сўнгги уч йилда бу борада ишлар янада фаол олиб борилмоқда. Давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чоралари кўзда тутилган. 2023 йилдан бошлаб, ҳар йили 30 минг гектар ерга жорий этилган бўлса, 2024 йилда бу кўрсаткич 150 минг гектарга етказилди. 2030 йилгача 1,3 миллион гектардан зиёд майдонда сувни тежовчи технологияларни жорий этиш мақсад қилинган. Натижада, 2 миллиард куб метрдан зиёд сув тежалади.

Абдумалик Сарманов таржимаси