Қозоғистонда йиғим-терим кампанияси якуний босқичга ўтди. Шу кунгача ғалла майдонларининг 80 фоиздан ортиғи, яъни 13,5 миллион гектарида ҳосил йиғиб олинди. Ҳосилдорлик гектарига 15 центнерни ташкил этиб, зироатчилар 20 миллион тонна ғалла олган. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги маълум қилишича, ҳосил ўртача кўрсаткичлардан юқори бўлиши, экспорт имкониятларини сақлаб қолган ҳолда ички эҳтиёжни тўлиқ таъминлаши кутилмоқда. Мамлакатда мойли экинлар етиштириш ҳажми тобора ортяпти. Ҳозиргача 2,4 миллион тонна ҳосил йиғиб олинди, бу кўрсаткич жорий йилда 5 миллион тоннадан ошиши мўлжалланган. Айни вақтда, юк ташув ҳажми ҳам ўсиш жараёнида. Транспорт вазирлигида таъкидланишича, 8 ой давомида темир йўл орқали қарийб 10 миллион тонна дон ташилиб, 7 миллион тоннадан зиёд маҳсулот экспортга йўналтирилди. Марказий Осиё давлатлари ва Хитойга етказиб бериш кўлами учдан бир қисмдан кўпроққа ошган бўлса, Афғонистонга деярли 4,5 марта ортган. Янги ҳосилни йиғиб олиш учун 17 мингга яқин дон ташувчи техника, 18 мингга яқин вагон ва 2 мингдан ортиқ локомотив тайёрланди. Вазирликда айтилишича, темир йўл инфратузилмасини ривожлантириш юк ташув ҳажмини оширишга имкон яратади.
Жанибек Тайжанов, Қозоғистон Республикаси Транспорт вазири ўринбосари:
- Хитой йўналишидаги «Дўстиқ-Мўйинти» участкасида иккинчи йўл қурилди. Алтинкўл станцияси ва Алтинкўл-Жетиген участкаси модернизация қилинди. Натижада, Хитой йўналиши бўйича кунига 75 та поездни ўтказиш имконияти яратилди. Ўзбекистон йўналишида Сариағаш ва Оазис станцияларининг ўтказув қуввати ортди. «Дарбаза-Мақтаарал» темирйўл линияси қурилиши якунланиб, Сирдарё станцияси очилгач, кунига 60 тагача поездни ўтказишга шароит яратилди. Россиялик ҳамкасблар билан ҳам тегишли музокара олиб борилди. Натижада, кунига 100 тагача поездни ўтказиш борасида келишувларга эришилди.
Абдумалик Сарманов
таржимаси

