Энди қозоғистонлик ҳунармандлар маҳсулотларини Sheber ягона рақамли платформаси орқали сотиши мумкин бўлади. Астанада тақдим этилган янги лойиҳа маҳаллий ҳунармандларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг янги бозорларга чиқишига ёрдам беришга қаратилган. Мобиль иловада юздан ортиқ ҳунарманд рўйхатдан ўтди. Унда чарм ҳамда сопол буюмлар, миллий тақинчоқлар, эсдалик совғалар намойиш этилмоқда. Платформа уч тилда - қозоқ, инглиз, рус тилларида ишлайди. Сунъий интеллект тадбиркорларга маҳсулот карточкаларини расмийлаштириш, фотосуратларни қайта ишлаш ва маҳсулот тавсифларини яратишда ёрдам беради.
Нажибулла Ғабибуллаули, илова муаллифи:
- Биз ҳунармандларни қўллаб-қувватлайдиган ва харидорлар билан боғлайдиган SHEBER мобил иловасини ишлаб чиқдик. Бунинг учун сунъий идрок асосида ишловчи шахсий кабинет яратдик, унда маҳсулотлар қўшилади, матн тўлиқ таҳрирланади, тавсифлар, теглар билан бирга бошқа қўшимчалар киритилади.
Лойиҳа ҳунармандларни қўллаб-қувватлашга, Қозоғистоннинг креатив иқтисодиётини ривожлантиришга қаратилган. Рақамли платформа "Atameken" тадбиркорлар палатасига топширилди, ташкилот барча минтақалардаги усталарни дастурга жалб қилишни режалаштирмоқда. Пилот лойиҳа Алмати шаҳри ҳамда вилоятида бошланади. Кейин ҳунармандлар маҳсулотлари савдо тармоқлари, музейлар, аэропортлар, шу билан бир қаторда сайёҳлик объектлари орқали тарғиб қилинади. Қишлоқ жойлардаги тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ҳамда ўқитишга алоҳида эътибор қаратилади.
Ксения Семенчук, «Atameken» тадбиркорлар миллий палатаси Ҳудудлар, кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш департаменти бошқарувчи директори:
- Бу ижодий иш билан машғул тадбиркорлар турли техник жараёнлар устида бош қотирмай, беқиёс асарлар, заргарлик буюмлари яратиш билан шуғулланишга имкон беради. Улар логистикани қандай ташкил этиш, маҳсулотни қандай етказиб бериш, қадоқлаш каби масалаларга чалғимайди. Энди уларга барча босқичларда ёрдам кўрсатилади.
Абдумалик Сарманов таржимаси

