Қозоғистонда нохомашё экспорти кенгаймоқда: йил бошидан буён унинг ҳажми салкам 20 фоизга ортиб, 18,5 миллиард долларни ташкил қилди. Экспортда тайёр маҳсулотлар улуши 36 фоиздан зиёд. Энг юқори кўрсаткичлар машинасозлик, металлургия, кимё саноати ва озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб беришда кузатилди. Нохомашё маҳсулотлар асосан Хитойга импорт қилиняпти. Россия, Туркия, Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳам илғор бешликда. Мамлакат тайёр маҳсулотлар ва юқори қўшимча қийматга эга товарлар етказиб беришни кўпайтириш орқали бу суръатни сақлаб қолиш ниятида. Сўнгги беш йилда экспорт ҳажми салкам 2,5 марта ошди.
Айдар Абилдабеков, Қозоғистон Республикаси Савдо ва интеграция вазири ўринбосари:
– Юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотлар экспортини кўпайтириш учун 70 та устувор товар рўйхати шакллантирилди. Унга металлургия, кимё ва нефть-кимё саноати маҳсулотлари, ўғит ва полимерлар, қурилиш материаллари, электротехника маҳсулотлари, шунингдек, дон ва мойли экинларни қайта ишлаш маҳсулотлари киритилди.
Ташқи бозорларга чиқаётган компаниялар кенг қўллаб-қувватланмоқда. Бизнес маркетинг, сертификатлаш ва товарларни етказиб беришга сарфлаган харажатларнинг бир қисми қопланади. Ўтган йили бунга 6 миллиард тенге ажратилди. Бундан ташқари, Экспорт-кредит агентлиги томонидан экспорт амалларини қўллаб-қувватлаш ҳажми 653 миллиард тенгега етди. Энг кўп маблағ металлургия ва озиқ-овқат саноатига йўналтирилди. Ёрдам аниқ корхоналарга берилади. 125 та корхона экспортни жадаллаштириш дастурига киритилди. Уларнинг ҳар бири учун индивидуал стратегия ишлаб чиқилди. Хитой, Россия, Афғонистон, Таиланд, Нидерландия, Монголия ва Шимолий Македонияда савдо-иқтисодий миссиялар ташкил этилди.
Айдар Абилдабеков, Қозоғистон Республикаси Савдо ва интеграция вазири ўринбосари:
- Вазирлик жорий йилда 15 та савдо-иқтисодий миссия ташкил этиши режа қилинган. Турли мамлакатларда муассасаларимиз, дипломатик ваколатхоналаримиз бор. Бу давлатлардаги бизнес доиралар бизда ишлаб чиқариладиган маҳсулотларга қизиқиш билдирса, биз ҳам дарҳол фаолиятга кўчамиз. Умид қиламизки, жуғрофияни кенгайтирамиз, савдо вакилларимиз кўпаяди.
Абдумалик Сарманов
таржимаси

