Қозоғистонда мия ўсмаларини даволашнинг замонавий усуллари ривожлантирилмоқда

Қозоғистонда мия ўсмаларини даволашнинг замонавий усуллари ривожлантирилмоқда

Президент ишлари бошқармаси Тиббиёт маркази шифохонаси нейрожарроҳлари мия пардаларидаги ўсмаларини даволашнинг инвазив усулидан фойдаланяпти. Эмболизация амалиёти ўсманинг қон билан таъминланишини тўхтатиш ва ҳажмини аста-секин кичрайтиришга имкон беради. Жарроҳ артерия орқали катетер киритади ва тегишли нуқтага махсус модда етказиб берилади. Муолажада скальпель ишлатилмайди. Ушбу усулда даволанган беморлардан бири - Ляззат Елеусизова. Аёл қисқа вақтда соғайиб кетди, ҳозирда вақти-вақти билан текширувдан ўтмоқда.

Ляззат Елеусизова, бемор;

- Операция муваффақиятли ўтди, ўзимни яхши ҳис қиляпман. Яқинда МРТ қилдирдим ва ўсманинг сезиларли даражада кичрайганини айтишди. Прогноз беришмаяпти, кузатиш керак экан. Ўзимни яхши ҳис қиляпман.

Исламбек Мусабеков, нейрожарроҳ;

- КТ ва МРТ тасвирларида ўсманинг йўқолиш даражасигача кичрайганини кўрамиз. Сўнгги маълумотларга кўра, Америкадаги етакчи клиникалар, чет эллик ҳамкасбларимиз, Италия, Германия ва Ҳиндистонда ҳам шундай усуллар билан шуғулланишмоқда.

Усулнинг самарадорлиги халқаро миқёсда ҳам ўрганилмоқда. Қозоғистонлик мутахассислар иштирокидаги тадқиқотда тўртта тиббиёт марказидан 40 нафар беморга тегишли маълумотлар таҳлил қилинди. Бир йилдан сўнг ўсмалар ҳажми ўртача деярли 82 фоизга кичрайган. Фақат бу технология барча беморларга мос келмайди, узоқ муддатли натижаларини ўрганиш зарур. Қозоғистонда бундай даволаш мажбурий ижтимоий тиббий суғурта доирасида мавжуд.

Абдумалик Сарманов таржимаси