Қозоғистон ЮНЕСКОга янги аризалар тайёрлаяпти

Қозоғистон ЮНЕСКОга янги аризалар тайёрлаяпти

Кигиз босиш, қозоқ анъанавий каштачилик санъати, шунингдек, салбурин - този ит ва ўргатилган қушлар билан ов қилиш ЮНЕСКО Номоддий мероси рўйхатига киритилиши мумкин. Сўнгги 10 йилда Қозоғистон иштирокида ушбу рўйхатга 14 та маданият элементи киритилган. Энди мамлакатда номоддий маданий мероснинг кенг кўламли инвентаризациясини ўтказиш режалаштирилган. Унинг доирасида олимлар маданий унсур ва анъаналар ҳамда уларни авлоддан-авлодга ташувчилар ҳақида маълумот тўплайди. Бу ҳақда Астанада ўтаётган номоддий маданий меросни асраш бўйича тадбирда маълум қилинди. Унда Қозоғистон, Қирғизистон ва Таиланддан ЮНЕСКО халқаро фасилитаторлари иштирок этмоқда. Мутахассислар маданий меросни ҳимоя қилиш ва ривожлантириш бўйича тажриба алмашиб, маданий ҳамкорлик соҳасидаги ташаббусларини тақдим этаётир.

Сания Баженеэва, ЮНЕСКО халқаро фасилитатори /Қозоғистон/:

- Биз 2003 йилда бўлиб ўтган ЮНЕСКО анжумани доирасида Репрезентатив рўйхатга киритиладиган танловлар устида ишлаяпмиз. Уларнинг аҳамияти ва Репрезентатив рўйхатга киритиш мамлакат учун қандай имкониятлар яратишини муҳокама қиламиз. У ёки бу элементнинг киритилиши мамлакатга нима келтириши мумкинлигини кўриб чиқамиз. Бундан ташқари, мерос ташувчилар иши, улар тажрибасини қандай ривожлантириш, келажак авлодга етказиш ҳақида суҳбатлашамиз. Зеро, номоддий маданий мероснинг ўзига хослиги, аввало,  анъанавий кўникмаларда намоён бўлади.

Линина Пхуттитарн, ЮНЕСКО Халқаро фасилитатори /Таиланд Қироллиги/:

- Мазкур тадбир муҳим аҳамиятга эга. У танлов ҳужжатларини тайёрлашга бағишланган. Мақсад - ЮНЕСКО Номоддий маданий мерос рўйхатига элементларни киритиш учун ҳужжатларни тўғри расмийлаштириш. Бу эса катта меҳнат талаб қилади. Мамлакатдаги меросни асраб-авайлаш чоралари ва анъанавий маданий амалиётлар ҳақида тўлиқ маълумот тўплаш, уларни тизимлаштириш ва ягона ҳужжатга бирлаштириш зарур.

Абдумалик Сарманов таржимаси.