Қўшма ишлаб чиқаришларни йўлга қўйиш, инвестицияларни кенгайтириш ва ягона рақамли савдо йўлакларини ривожлантириш. Тошкентда бўлиб ўтган Ўзбекистон — Қозоғистон бизнес-форумида ушбу масалалар эътибор марказида бўлди. Давлат органлари, тараққиёт институтлари, тармоқ бирлашмалари ва бизнес вакиллари жам бўлган майдончага мамлакатимиздан 100 тадан зиёд етакчи компаниялар борди. Улар қаторида қурилиш ва енгил саноат, агросаноат мажмуаси, транспорт ва логистика, тиббиёт, фармацевтика, туризм, IT ва машинасозлик корхоналари бор. Томонлар бизнес ҳамжамияти минтақадаги иқтисодий интеграциянинг асосий кучларидан бирига айланаётганини таъкидладилар.
Қанат Шарлапаев, , Қозоғистон Республикаси «Атамекен» миллий тадбиркорлик палатаси президиуми раиси:
- Ўзбекистонлик ва қозоғистонлик тадбиркорлар бевосита суҳбатлашадиган, дейлик, транзит, фитосанитария рухсатномаларига оид масалаларни кўтарадиган ушбу форум каби тадбирлар жуда муҳим, Биз муаммоларни Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва "Атамекен" миллий саноат палатаси орқали ҳукуматларга етказамиз.
Рақамлар ҳам икки томонлама иқтисодий ҳамкорлик жадал ривожланаётганидан далолат беради. Ўтган йили Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми қарийб 5 миллиард долларга етди. Шу жумладан, Қозоғистон экспорти 3,5 миллиард долларни ташкил этди. Жорий йилда янада юксак суръатлар кузатиляпти. Дастлабки беш ойда савдо ҳажми 2 миллиард доллардан ошди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 37 фоизга кўп. Қозоғистон ва Ўзбекистон олдида товар айирбошлаш ҳажмини 10 миллиард долларга етказиш вазифаси турибди.
Алишер Шайхов, Ўзбекистон Республикаси савдо-саноат палатаси раиси маслаҳатчиси:
- Бугун қишлоқ хўжалиги ва саноат кооперацияси билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди. Бу жуда муҳим. Ҳозир катта ҳажмда ишлар бор, кўплаб Қозоғистон компаниялари Ўзбекистон бозорида, ўзбек компаниялари Қозоғистон бозорида ишлаяпти. Аммо энди гап шунчаки савдо, олди-сотди ҳақида эмас, балки бошқа мамлакатларга экспорт қилиш мумкин бўлган товарларни биргаликда ишлаб чиқариш ҳақида бормоқда.
Форум якунида томонлар ҳамкорликни янада кенгайтиришга, қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва саноат кооперациясини ривожлантиришга тайёрлигини тасдиқлади. Қатор икки томонлама ҳужжатлар имзоланди. Шулардан бирига кўра, Қозоғистон юқори кучланишли электр узатиш линиялари учун арматура-изолятор заводи маҳсулотларини Ўзбекистонга етказиб беради.
Абдумалик Сарманов таржимаси.

