Қосим-Жўмарт Тўқаев ва Владимир Путин Бишкекдаги ШҲТ юбилей саммити доирасида ўзаро учрашди.
Россия Президенти Давлат раҳбарини Қурултой сайлови муваффақиятли ўтказилгани
билан табриклади, унинг натижалари Президентнинг стратегияси кенг
қўллаб-қувватланаётганини тасдиқлаганини таъкидлади. Суҳбатдошлар Қозоғистон ва
Россия дўстлик, яхши қўшничилик ва иттифоқчилик руҳида кўп қиррали ҳамкорликни
мустаҳкамлашда давом этишини таъкидлади. Қосим-Жўмарт
Тўқаев Владимир Путинга табрик учун миннатдорчилик билдирди, конституциявий
ислоҳотлар ҳақида гапирди.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
- Қозоғистон миллий манфаатларига мувофиқ
модернизация жараёни давом этади. Шунчаки ислоҳ учун ислоҳотлар ўтказиш яхши
эмас, буни биз тушунамиз. Аввало, фуқаролар манфаатларига кўра иш тутиш керак.
Ҳозир Ҳукумат имзоланган барча келишувларни рўёбга чиқариш билан машғул.
Таъкидлаганингиздек, савдо жадал суръатлар билан ривожланмоқда. Ўтган йилга
нисбатан ўсиш кузатилди. Ўйлайманки, Россия сармоя ва савдо соҳаларида асосий
ҳамкоримиз бўлиб қолаверади.
Савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни ривожлантиришдан
ташқари, Қозоғистон ва Россия етакчилари ўзаро манфаатли қўшма лойиҳаларни ҳам
муҳокама қилди. Шунингдек, халқаро ва минтақавий аҳамиятга эга долзарб
масалалар юзасидан фикр алмашилди. Владимир Путин муносабатлар амалда деярли
барча йўналишларда жадал ривожланаётганини таъкидлади.
Владимир Путин, Россия Федерацияси Президенти:
- Ҳукуматлараро комиссия фаол ишлаяпти,
ҳамкасбларимизга ушбу фаолияти, сиз билан бўлган барча келишувларни бажаргани
учун миннатдорчилик билдиришимиз керак. Гуманитар соҳадаги алоқаларимизнинг
ривожланиб бораётгани айниқса қувонтиради. Қозоғистондан 60 минг нафар талаба
Россия олий ўқув юртларида таҳсил олмоқда. Омскда Қозоғистоннинг етакчи олий
таълим муассасаси филиали очилди. Деярли барча масалаларда ҳаракат мавжуд.
Абдумалик Сарманов таржимаси

