Қозоғистон ва Озарбайжон Президентлари янги рақамли йўналишга старт берди

Қозоғистон ва Озарбайжон Президентлари янги рақамли йўналишга старт берди

Қозоғистон ва Озарбайжон Транскаспий оптик толали алоқа линиясини ишга туширди. Тантанали маросимда икки давлат раҳбари: Қосим-Жўмарт Тўқаев ҳамда Илҳом Алиев иштирок этди. Каспий денгизи остидан ўтказилган 380 километрли кабель Марказий Осиё, Хитой ва Европа ўртасида янги рақамли йўналиш яратади. Линия Ўрта ҳамда Қора денгизлардан ўтган тизимларга уланиши мумкин. Лойиҳа «Қазақтелеком» билан «AzerTelecom» томонидан амалга оширилди. Магистраль халқаро маълумотлар алмашинуви имкониятларини кенгайтиради ҳамда булутли хизматлар ва сунъий интеллектни ривожлантириш учун шароит яратади. Қосим-Жўмарт Тўқаев лойиҳани «икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлайдиган Ўрта йўлакнинг рақамли ифодаси», деб атади.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

- Бу жуда муҳим лойиҳа бўлиб, у халқаро аҳамиятга эга. Энг муҳими, бу - янги турдаги йўлак. Транспорт йўлаги эмас, балки замонавий рақамлаштириш даврига мос имконият. Ҳамкорликнинг мутлақо янги формати.

Ўз навбатида, Президент Илҳом Алиев янги магистраль Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашига урғу берди. Унга минтақанинг бошқа давлатлари ҳам уланиши мумкин.

Илҳом Алиев, Озарбайжон Республикаси Президенти:

– Ўтган йилнинг ноябрь ойида Озарбайжон Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувларига тўлақонли аъзо сифатида қабул қилинди, бу йил тўлақонли аъзо сифатида ушбу ташкилот ишида иштирок этдим. Ушбу лойиҳа ҳамкорликни чуқурлаштиришга ҳисса қўшди, чунки мазкур имкониятдан Марказий Осиё, Жанубий Кавказ мамлакатлари, янада кенг ҳудудлар фойдаланади. Бугун биз глобал лойиҳага старт бердик.

Қозоғистон ва Озарбайжон, шунингдек, Осиё ҳамда Европани боғловчи асосий йўналишлардан бири бўлган Транскаспий транспорт йўлагини биргаликда ривожлантириш ҳақида келишиб олди. Қосим-Жўмарт Тўқаев билан Илҳом Алиев ҳузурида томонлар имзоланган битим матнини алмашди. У темир йўл, автомобиль ва порт инфратузилмасини кенгайтириш ҳамда мазкур йўналишдаги заиф нуқталарни бартараф этишни назарда тутади.

Абдумалик Сарманов таржимаси