Ўтган дам олиш кунлари Ақўрдада Камбоджа Бош вазири тантанали равишда кутиб олинди. Хун Манет Қозоғистонга биринчи расмий ташриф билан келди. Қозоғистон Президенти олий мартабали меҳмонни қутлар экан, унинг ташрифи икки томонлама муносабатларга қўшимча суръат бағишлаши ҳамда ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш учун янги истиқболлар очишини таъкидлади. Суҳбатдошлар тор ва кенгайтирилган таркибда музокаралар ўтказди. Қосим-Жўмарт Тўқаев мамлакатлар ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 32 йил тўлишини ҳамда Қозоғистон Қиролликни Жануби-Шарқий Осиёдаги ишончли ҳамкор ва АСЕАН давлатлари билан ҳамкорликни кенгайтиришда муҳим бўғин, деб билишини таъкидлади. Томонлар халқаро майдонда, шу жумладан, БМТдаги доимий ваколатхоналари доирасида фаол ҳамкорлик қилмоқда. Энди эса савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш ниятида. Улар юқори технологиялар соҳасида ҳам катта салоҳиятни кўрмоқда.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
- Сиз ва делегациянгиз аъзолари сунъий интеллектни ривожлантириш бўйича мамлакатимизда кўрилаётган чора-тадбирларга катта қизиқиш билдираётганингиздан хабардорман. «Alem.ai» халқаро марказига ташриф буюрганингизда мутахассисларимиз эришилган натижалар ҳамда асосий ишланмалар билан таништиради.
Камбоджани Қозоғистоннинг электрон ҳукумат ва сунъий интеллектни жорий этиш соҳасидаги тажрибаси ҳамда илғор ишланмалари қизиқтиради. Бош вазир Хун Манет энергетика, қишлоқ хўжалиги ҳамда қайта ишлаш саноатида ҳамкорликни чуқурлаштириш учун салоҳият мавжудлигини таъкидлади. Олий мартабали меҳмон икки давлат ўртасида ўрнатилган маданий-гуманитар алоқалар ўзига хос хусусиятга эгалигини тилга олди.
Хун Манет, Камбоджа Бош вазири:
– 120 зиёд камбоджалик талаба Қозоғистонда таҳсил олди. Уларнинг кўпчилиги давлат идораларида масъул лавозимларда, шу жумладан, бир қатор вилоятлар губернаторлари, давлат котиблари, турли вазирликлар ходимлари сифатида хизмат қилмоқда. Мамлакатларимизни умумий тарих ва мустаҳкам инсоний алоқалар боғлаб туради.
Музокаралар якунида Қосим-Жўмарт Тўқаев ва Хун Манет Қўшма баёнот қабул қилди. Қозоғистон Президенти билан Камбоджа Бош вазири иштирокида олтита ҳукуматлараро ҳамда идоралараро ҳужжатлар алмашиш маросими бўлиб ўтди. «GovTech»дан ташқари, мамлакатлар савдони ривожлантириш ва сайёҳларни жалб қилиш ҳақида келишиб олди. Бундан ташқари, Астана ва Камбоджа пойтахти - Пномпен биродарлашган шаҳарларга айланди.
Абдумалик Сарманов таржимаси

