Астанада яшил энергия ускуналарига сервис хизмати кўрсатиш маркази очилди. У «Хитой – ШҲТ» савдо-иқтисодий институти қошида ташкил этилган. Марказ замонавий ечимларни жорий этишга ёрдам беради, электр станциялари ускуналарини ўрнатиш ва таъмирлашда кўмаклашади. Марказий Осиё мамлакатлари ҳамда ШҲТнинг бошқа минтақаларидан муҳандислар ва техник мутахассисларни инновацион яшил технологиялар билан ишлашга ўргатади. Янги платформа Қозоғистон-Хитой техник ҳамкорлик форумида тақдим этилди.
Чжен Ши, «Хитой – ШҲТ» савдо-иқтисодий институти директори:
- Марказ фаолияти доирасида биз мутахассисларни Астанада ҳам, Хитойдаги Савдо-иқтисодиёт институтида ҳам ўқитамиз. Генератор, компрессор, газ турбинали, буғ турбинали ускуналар ишлаб чиқарувчи йирик корхоналар билан яқин алоқадамиз. Биз Қозоғистон стандартлари бўйича айнан ушбу техникага хизмат кўрсатувчи мутахассислар тайёрлаймиз.
Форумда илғор технологияларни жорий этиш ҳамда ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш масалаларини муҳокама қилди. Хитойлик ҳамкорлар Қозоғистондаги юзга яқин лойиҳада иштирок этмоқчи. Истиқболли йўналишлар қаторига саноат қурилмаларидан чиққан иссиқликдан фойдаланиб, электр энергияси чиқариш ва геотермал имкониятларни ўзлаштириш киради. Қарағанди турбомеханика заводи ҳам ҳамкорликда ишлашга тайёр. Корхона хитойлик касбдошлар билан бирга буғ турбиналари учун деталлар ишлаб чиқаришни режалаштирмоқда. Қозоғистон энергия тежаш, самарадорликни ошириш ҳамда чиқиндиларни камайтириш тажрибасини ўзлаштиришдан манфаатдор.
Ғалимбек Ауталипов, «Самруқ-Энерго» АЖнинг ишлаб чиқариш бўйича бошқарувчи директори:
- Биз электр энергияси чиқариш самарасини ошириш, балки тоза кўмир технологиялари бўйича ҳам хитойлик ҳамкасбларимиз тажрибасига таянишни истаймиз. Газ тозалаш иншоотларига нималарни таклиф қилишлари ва нимани ўрганиб, ўзимизда жорий этишимиз мумкинлигини кўрмоқчимиз. Биздаги имкониятлар улар учун ҳам қизиқ. Яъни биз улардан нимани олишимиз, корхоналарда фойдаланишимиз мумкинлиги ҳам муҳим.
Абдумалик Сарманов
таржимаси

