Қозоғистон ва Гонконг рақамли тиббиёт соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантирмоқда

Қозоғистон ва Гонконг рақамли тиббиёт соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантирмоқда

Гонконг соғлиқни сақлаш соҳасига сунъий интеллект жорий этиш бўйича Қозоғистонга ёрдам беради. Тиббиёт кадрларини тайёрлаш, касбий тажриба ва маълумот алмашиш бўйича ҳам ҳамкорлик кенгайтирилади. Бунга Астанада бўлиб ўтган семинарда Назарбоев университети, Гонконг Хитой университети, Макао фан ҳамда технологиялар университети ўртасида имзоланган меморандум ёрдам беради. Экспертлар, БССТ вакиллари ва тиббиёт ташкилотлари раҳбарлари соҳани рақамлаштириш, дастлабки тиббий ёрдамни ривожлантириш, шу билан бирга, таълим соҳасидаги замонавий ёндашувларни муҳокама қилди. Янги технологиялар тизимга қандай интеграция қилинишига, тиббий амалиётда қўлланилишига алоҳида эътибор қаратилди.

Скендер Сила, БССТ вакили - БССТнинг Қозоғистондаги офиси раҳбари:

- БССТ учун энг муҳими, ҳар қандай тиббий технология беморларга ёрдам бериши, унинг сифатини ошириши керак. Қозоғистон бу йўналишда, айниқса, дастлабки тиббий-санитария ёрдамини ривожлантиришда фаол ишлаяпти. Бугунги кунда соғлиқни сақлаш соҳасида рақамли ечимлар фаол ривожланяпти, лекин технологиялар билан бирга мутахассислар малакасини ошириш зарур. Шунинг учун қозоғистонлик ва гонконглик ҳамкасблар иштирокидаги бундай учрашувлар ўтказиш лозим. Улар тажриба алмашиш, биргаликда соғлиқни сақлаш учун янги ечимлар қидириш имконига эга бўлади.

Бу сафар семинарнинг асосий мавзуларидан бири кадрлар тайёрлаш масаласи бўлди. Мутахассислар таъкидлашича, соҳа янада равнақ топиши нафақат янги технологияларни жорий этишга, балки уларни амалиётда самарали қўллай оладиган мутахассисларга ҳам боғлиқ. Шу сабабли, молия, замонавий ускуналар ва дори-дармонлар билан бир қаторда малакали шифокорлар, тадқиқотчилар, ҳамширалар ва бошқа тиббиёт мутахассислари зарур.

Лян Чжен-Ин, Бутунхитой қўмитаси Халқ сиёсий маслаҳат кенгаши раиси ўринбосари, GX жамғармаси раиси:

- Сифатли тиббий ёрдамдан фойдаланиш Қозоғистон билан Гонконг учун муҳим аҳамиятга эга. Шу боис, биз амалда қўллаш мумкин бўлган ечимларни биргаликда излаймиз, Қозоғистонда иш юритамиз. Назарбоев университети билан ҳамкорлик шунга қаратилган. Бунда Қозоғистон соғлиқни сақлаш тизимини келажакда такомиллаштирадиган шифокор, олим, ҳамширалар ва бошқа мутахассисларни тайёрлашнинг аҳамияти катта.

Абдумалик Сарманов таржимаси.