Қозоғистон — Европа Иттифоқининг Марказий Осиёдаги стратегик ҳамкори. Бу ҳақда Европа Ташқи савдо кенгаши президентининг маслаҳатчиси Мерилин Жозефсон маълум қилди. Брюсселда Қозоғистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги алоқаларни ривожлантириш муҳокама қилинди. Томонлар савдо, транспорт, рақамли технологиялар, туризм ҳамда гуманитар алмашинувларга эътибор қаратди.
Мерилин Жозефсон, Европа Ташқи савдо кенгаши президентининг маслаҳатчиси:
- Қозоғистон Республика кунини нишонлади ва мустақилликка эришганидан кейинги 35 йиллик ривожини сарҳисоб қилди, мамлакатнинг иқтисодиёт, транспорт, рақамли алоқа ҳамда бошқа соҳалардаги жадал тараққиётини қайд этди. Буларнинг барчаси Европа Иттифоқи билан Қозоғистон ўртасидаги фаол ҳамкорликда аксини топмоқда. Ҳамкорлик Президент Тўқаевнинг Брюсселга ташрифи чоғида эълон қилинган стратегик шериклик шаклида мустаҳкамланди. Ҳозирги глобал беқарорлик даврида Қозоғистон Марказий Осиёдаги ишончли таянч нуқтаси бўлиб, минтақадан ташқарида ҳам тинч ва фаровон ҳамкорликнинг боғловчи бўғини, шу билан бирга ташаббускори сифатида хизмат қилмоқда.
Европа Иттифоқининг Қозоғистондаги элчиси Алешка Симкич ҳам Европа Иттифоқи мамлакатимизнинг кўп векторли ташқи сиёсатини ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга интилишини қўллаб-қувватлашини таъкидлади. Дипломат ўрта давлатларнинг жаҳон сиёсатига таъсирига алоҳида эътибор қаратди. Президент Қосим-Жўмарт Тўқаев бу мамлакатларнинг таъсирини кучайтириш зарурлигига кўп маротаба эътибор қаратган. Элчининг сўзларига кўра, бу позицияни Брюссель ҳам қувватлайди. Астанадаги халқаро алоқалар қамрови европалик дипломатда катта таассурот қолдирди.
Алешка Симкич, Европа Иттифоқининг Қозоғистон Республикасидаги элчиси:
- Баъзида Қозоғистон халқаро муносабатларнинг бундай кенг доирасида иш юрита олишига қойил қоламиз. Мамлакат раҳбариятининг фаол хорижий сафарлари, чет эл делегацияларини қабул қилаётганини кўриб турибмиз. Бу ерда ўтган икки йиллик давримда Астана ҳамда Алматига, шу жумладан, Европа давлатларидан кўплаб юқори даражадаги ташрифлар амалга оширилди. Қозоғистон ўзининг дўстона ташқи сиёсати билан дунёда муҳим ўрин тутишини кўрсатади.
Абдумалик Сарманов таржимаси

