Қозоғистон транзит ҳажмини йилига 100 миллион тоннага етказади

Қозоғистон транзит ҳажмини йилига 100 миллион тоннага етказади

Қозоғистон Евроосиёнинг асосий транспорт-логистика маркази сифатида мавқеини мустаҳкамламоқда. Президент Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг топшириқлари доирасида кенг кўламда модернизация давом этяпти. Хусусан, сўнгги етти йилда 36 минг километрдан зиёд автомобиль йўллари қурилди, реконструкция қилинди ҳамда таъмирланди. Жорий йилда 11 минг километрда йўл ишлари ниҳоясига етди. «Қалбатау - Майқапшағай», «Курти - Қўнаев» ва «Қизилўрда - Жезқазған» йўналишларида йирик лойиҳалар якунланди. Бу жараёнда йўл қопламасининг сифати ва чидамлилигига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Мадияр Абдуали, Қозоғистон Республикаси Транспорт вазирлиги Автомобиль йўллари қўмитасининг Маҳаллий йўл тармоғини ривожлантириш бошқармаси бошлиғи:

- Йўл активлари сифати миллий маркази томонидан текширувлар ўтказилади. Мутахассислар асфальтдан намуналар олади, бажарилган иш сифатини ўрганади. Камчиликлар аниқланса, пудратчи ўз ҳисобидан уларни бартараф этади. Объект сифат маркази эътирози бартараф этилмагунча қабул қилинмайди. 2026 йилда таъмирланган республика йўллари улушини 95 фоизга, маҳаллий тармоқни эса 92 фоизга етказиш режалаштирилган.

Темир йўллар тармоғи ҳам ривожланмоқда. Сўнгги 5 йил ичида Қозоғистонда беш минг километрга яқин йўл қурилиб, модернизация қилинди. Энг йирик лойиҳалар қаторига «Дўстиқ-Мойинти» магистрали ва Алмати айланма темир йўли киради. Транспорт йўлакларининг ўтказиш қобилиятини ошириш ва юк ташишни жадаллаштириш имконини берадиган «Дарбаза-Мақтаарал», «Аягўз-Бахти»нинг янги йўналишлари қуриляпти. Авиация соҳасида ҳам салмоқли натижаларга эришилди. Халқаро парвозлар географияси кенгаймоқда, ҳаво флоти янгиланяпти, аэропортлар инфратузилмаси модернизация қилиниб, логистика марказлари очиляпти.

Талғат Ластаев, Қозоғистон Республикаси Транспорт вазири ўринбосари:

- Сўнгги йилларда фуқаро авиациясининг мамлакатимиз иқтисодиётига қўшган ҳиссаси 6,5 баробар ошди. Халқаро йўналишлар сони 2 марта кўпайди. Йўловчилар сони ҳар йили камида 5 фоиздан 10 фоизгача ўсяпти. Сўнгги йилларда Қозоғистон аэропортлари орқали ташилган ва хизмат кўрсатилган юк ҳажми 2 марта ошди. Қозоғистон ҳозир дунёдаги энг тез ривожланаётган авиация бозорларидан бири ҳисобланади.

Мутахассислар Республика байрами арафасида "яшил йўлаклар" ва "ягона дарча" тамойили жорий этилиши, логистикани рақамлаштириш юкларни етказиш муддати ҳамда нархини анча камайтирганини таъкидлади. Бу Қозоғистоннинг 2035 йилгача транзит юк ташиш ҳажмини йилига 100 миллион тоннага етказиш мақсадига яқинлаштиради.

Абдумалик Сарманов таржимаси.