Қозоғистонда тиббиётдаги сунъий идрок ечимлари ишлаб чиқиш давридан амалда қўллаш ва кенгайтириш босқичига ўтмоқда. Астанада ўтказилган давра суҳбатида маҳаллий «MedTech»ни ривожлантириш, стартапларнинг хорижий бозорларга чиқиш истиқболлари муҳокама қилинди. Сунъий интеллект тизимларини жорий этиш ва синовдан ўтказиш, тиббий маълумотлардан фойдаланиш, уларнинг бозорга чиқиш шартлари - диққат марказида. Муваффақиятли лойиҳалардан бири: инсультни эрта аниқлаш учун мўлжалланган «Cerebra AI» тизими. У қатор маҳаллий тиббиёт марказларида ишлатилади. Муаллифлар таъкидлашича, технология туфайли бемор қабул қилинганидан тортиб, даволаниш бошлангунига қадар ўтган вақт уч бараварга қисқарди. Компания ўз технологияларини мамлакат ичида ҳам, ташқарисида ҳам кенг қўллаш ниятида. У АҚШнинг йирик тиббиёт гуруҳи билан беш йиллик стратегик ҳамкорликни йўлга қўйган. Ҳамкорлик платформани ривожлантириш, унинг имкониятларини инсульт диагностикаси доирасидан ташқарига олиб чиқишни назарда тутади. Хорижий бозорларда тўлақонли фаолият юритиш учун Қозоғистон ишланмаси тегишли жараёндан ўтмоқда.
Дўсжан Жусупов, «Cerebra AI» компанияси асосчиси ва директори:
- Биз Қўшма Штатлар ҳамда Ўзбекистонга тажриба алмашиш мақсадида чиқдик, ҳозирда сертификатлашдан ўтяпмиз. Ҳозирча сотувга киришмадик, исботловчи далиллар базасини тўлдиряпмиз. Сертификатлашдан ўтгач, АҚШда сота бошлаймиз. 2026 йилгача биз мия, тўғрироғи, мия инсульти билан шуғулландик. Ишни мия онкологиясидан бошладик. Сўнгра юракка, яъни эхокардиограммага қараб кенгайтирдик. Яъни биз тор доирадаги сунъий интеллектдан мультимодал ечимга айланамиз.
Айдар Қасенов, Қозоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Электрон соғлиқни сақлаш департаменти директори ўринбосари:
- Компанияларимиз қозоғистонликларнинг шахси кўрсатилмаган маълумотларидан фойдаланиб, моделларини юқори аниқликда ўқитиш ва шифокорларга касалликларни ўрганишда ёрдам беришга интиляпти. Баъзи СИ тизимлари Бирлашган Араб Амирликлари, Саудия Арабистонига экспорт қилиняпти.
Абдумалик Сарманов
таржимаси

