Сунъий интеллект Қозоғистон саноатини модернизация қилишнинг асосий воситаларидан бирига айланади. Бу ҳақда Президент Қосим-Жўмарт Тўқаев Сунъий интеллектни ривожлантириш кенгашининг учинчи йиғилишида маълум қилди. Мамлакатнинг саноат сектори юқори суръатларда ўсяпти. Жорий йилнинг саккиз ойида соҳада 46 триллион тенгега тенг маҳсулт чиқарилди, қайта ишлаш саноати эса қарийб 8,5 фоизга ўсди. Давлат раҳбари бу суръатни сақлаб қолиш учун меҳнат унумдорлигини ошириш, корхоналарни трансформация қилиш, юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотлар чиқаришни кўпайтириш зарурлигини таъкидлади. Президент зарур нуқталарни рақамлаштиришдан сунъий интеллектни тизимли жорий этишга ўтиш бўйича топшириқ берди.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
- Корхоналар ишлаб чиқариш занжирини қайта кўриб чиқиши, сунъий интеллект қаерда самарадорликнинг энг юқори ўсишини таъминлашини аниқлаши лозим. Асосий мезон реал натижа бериши керак. Ҳукумат «Самруқ-Қазина» билан бирга асосий бизнес жараёнлари сунъий интеллект асосида мажмуавий трансформация қилинадиган корхоналарни белгилаши керак. Янги технологиялар ишлаб чиқаришни бошқариш тизимларига бевосита интеграция қилиниши шарт. Энг муваффақиятли моделлар бутун мамлакат бўйлаб кенгайтирилади.
Президент илм-фанни ишлаб чиқариш билан боғлаш бўйича ҳам кўрсатмалар берди. «Qazaq AI Research University» мутахассислар тайёрлаш ва амалий тадқиқотлар марказига айланади. Қосим-Жўмарт Тўқаев тилга олган кейинги қадам - тайёр сунъий интеллект ечимлари жорий этишни жадаллаштириш. Ҳукуматга корхонада вазифани белгилашдан тортиб, технологияни синовдан ўтказиб, ишлаб чиқаришга киритишгача бўлган ягона механизм яратиш вазифаси топширилди. Саноат маълумотларига урғу берилди. Ягона сифат стандартлари, дастурчилар учун хавфсиз кириш имкониятига эга базалар яратиш режалаштирилди. Давлат раҳбарининг фикрича, бундай маълумотлар маҳаллий технологик ечимларни ишлаб чиқишда ёрдам беради. Қосим-Жўмарт Тўқаев Кенгашнинг навбатдаги йиғилишини транспорт-логистика соҳасига сунъий интеллектни жорий этишга бағишлашни таклиф қилди.
Абдумалик Сарманов таржимаси.

