Қозоғистонда Қутқарувчилар куни нишонланмоқда. Президент Қосим-Жўмарт Тўқаев дарҳол ёрдамга шошиладиган, ҳаётини хавф остига қўйса ҳам ёрдам берадиган қаҳрамонларни касб байрами билан табриклади. Ақўрдада тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Президент фавқулодда вазиятлар соҳаси ходимларига миннатдорчилик билдирди. Давлат раҳбари бу мураккаб касбни иродали, жасур ҳамда масъулиятли инсонлар танлашини таъкидлади. Қосим-Жўмарт Тўқаев Фавқулодда вазиятлар органлари ходимларини энг қалтис пайтда тезкор қарор қабул қила оладиган ва хавф-хатардан чекинмайдиган профессионаллар сифатида таърифлади. Айни вақтда, соҳани моддий-техник жиҳатдан мустаҳкамлаш, илғор технологияларни жорий этиш муҳим аҳамиятга эга.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
- Сўнгги уч йилда 3 мингга яқин техника воситаси: замонавий самолёт ва вертолётлар, турли мақсадларга мўлжалланган кемалар харид қилинди. 60 га яқин ўт ўчириш депоси билан қутқарув станциялари қурилди. Икки йил аввал ташкил этилган вазирликнинг Фавқулодда вазиятлар маркази фуқаро мудофааси тизимини бошқаришда муҳим тузилмага айланди. Унинг шарофати билан доимий мониторинг, таҳдидлардан эрта огоҳлантириш ва тезкор қарорлар қабул қилиш ижобий натижалар бермоқда.
Президентимиз саноат ва тоғ-кон корхоналарида, шунингдек, олис аҳоли манзилларида хавфсизликни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
-Саноат хавфсизлиги соҳасида рақамли технологиялар ҳамда инновациявий ечимларни қўллаш авария-қутқарув тадбирлари самарадорлигини янги сифат даражасига чиқариш имконини беради. Чекка қишлоқлар хавфсизлигини таъминлаш ҳам устувор йўналишлардан. Ушбу вазифани амалга ошириш учун "Қишлоқ қутқарувчилари" ташаббуси ишга туширилди, унинг доирасида сўнгги икки йил ичида 300 га яқин ёнғин ўчириш постлари қурилди. Мазкур қарор 450 га яқин ёнғин олдини олиш имконини берди. Бу муваффақиятли тажрибани барча ҳудудларга жорий этиш керак.
Давлат раҳбарининг фикрича, ҳозирги шароитда қутқарувчилардан кўплаб касбий кўникмалар талаб қилинади. Улар таҳлилий фикрлаши, замонавий технологияларни, шу жумладан, учувчисиз ва автоматлаштирилган тизимларни бошқаришни билиши керак. Қутқарувчиларнинг янги авлодини тайёрлашда Фуқаро мудофааси академияси асосий ўрин тутади. Президент, шунингдек, хавфсизлик ҳар бир инсондан шахсий масъулият талаб қилишини, лоқайдлик эса жамият ривожига тўсиқ бўлишини эслатди. Шу боис миллат тараққиёти учун ёшларда қонунга итоат, тартибга интилиш ҳамда атроф-муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлишни тарбиялаш зарур, деди Қосим-Жўмарт Тўқаев. Ушбу кунда Давлат раҳбари хизмат бурчини бажариш чоғида кўрсатган жасорати ва фидойилиги учун Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг жасур ва фидокор ходимларига давлат мукофотларини топширди.
Абдумалик Сарманов
таржимаси

