Қозоғистон Президенти Хитойнинг йирик компаниялари раҳбарларини қабул қилди

Қозоғистон Президенти Хитойнинг йирик компаниялари раҳбарларини қабул қилди

«Қозоғистон-Хитой» инвестиция форуми доирасида давлат раҳбари Хитой бизнес вакиллари билан қатор учрашувлар ўтказди. Президент Қосим-Жўмарт Тўқаев «Sunwah Group» корпорацияси раиси, Гонконг Хитой Бош савдо палатаси раҳбари Сай Гуаншенни қабул қилди. Учрашувда асосий ҳамкорлардан бўлган савдо палатаси билан бирга ҳар йили Алматида инвестиция форумини ўтказиш таклиф қилинди. Сай Гуаншен ташаббусларни қўллаб-қувватлади ва Хитой бизнесининг сунъий идрок, молия ҳамда «Alatau City»ни ривожлантириш соҳасидаги қўшма лойиҳаларга бўлган қизиқишини таъкидлади.

Цай Гуаньшэнь, «Sunwah Group» корпорацияси раиси /Хитой/:

- Ташкилотимиз «Sturgeon Capital» сармоя компанияси билан Қозоғистондаги лойиҳалар учун жамғарма ташкил этиш тўғрисида меморандум имзолади. Аввалига 100 миллион доллар сармоя киритамиз. Келгусида бир миллиардга етказишни мўлжалламоқдамиз. Маблағ, хусусан, мамлакатнинг нефть-газ ва тоғ-кон саноатига йўналтирилади. Жамғармани Гонконгда ва АХММ платформасида рўйхатдан ўтказиш ниятидамиз.

Давлат раҳбари Хитой компаниялари раҳбарлари билан ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди. «VNET Group» сунъий идрок учун маълумот маркази кластери ва инфратузилмаси яратишдан манфаатдор. Атом энергетикасида «Shanghai Junhe Junhe Atomic Technology» билан ядро ёқилғиси ишлаб чиқариш, кичик модулли реакторларни йиғиш жараёни кўриб чиқилди. «Hong Kong Sino-Science Oil and Gas» билан нефть-газ соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, «Silk Road Finance Corporation раҳбарияти билан молия соҳасидаги имкониятлар кўрилди.

Fufeng Group корхонаси учун маҳаллий олий ўқув юртлари билан бирга мутахассислар тайёрлаш режалаштириляпти. Қозоғистон илмий институтларини жалб қилган ҳолда ишлаб чиқариш асосида тадқиқот маркази очилади. Қосим-Жўмарт Тўқаев компания раҳбари Ли Сюэчун билан ушбу масалаларни муҳокама қилди, уни Жамбил вилоятида маккажўхорини қайта ишлаш бўйича инвестиция лойиҳаси ишга туширилгани билан табриклади.

Қосим-Жўмарт Тўқаев «Xinfa Group» раҳбари Чжан Гуйчун билан Алмати вилоятидаги «Қўлжат» конини ўзлаштириш истиқболларини муҳокама қилди. Давлат раҳбари айтишича, уни ўзлаштириш хом кокс, водород, синтез-газ, юқори сифатли нефть маҳсулотлари ишлаб чиқариш саноат занжирини яратиш билан бирга олиб борилиши керак. Муҳим материаллар соҳасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш алоҳида муҳокама қилинди.

Октябрь ойида мамлакатимиз «Pinduoduo» билан қўшма лойиҳани ишга туширади. Бу ҳақда Қозоғистон Президентининг компания, шунингдек, «YTO Express» вакиллари билан учрашувида маълум бўлди. Европа Иттифоқи, ЕОИИ ва Марказий Осиё бозорлари учун товарларни тезроқ қайта ишлаш имконини берувчи Алмати «SkyHub» транспорт-логистика марказини яратиш лойиҳасига алоҳида эътибор қаратилди.

Хитойнинг «UB-TECH Robotics» компанияси Алматида таълим ва хизмат кўрсатиш роботлари заводини очиш ниятида. Давлат раҳбари ушбу режаларни компания катта президенти Чжун Юн билан муҳокама қилди. Томонлар техника олий ўқув юртлари ва коллежлари билан бирга малакалар маркази ташкил этиш масаласини кўриб чиқди.

Абдумалик Сарманов таржимаси